Уйланмаган талабалар учун Францияда ўқиш танлови эълон қилинди
Тошкентда бўлиб ўтган Француз тили байрами доирасида Франция элчихонаси уч танлов эълон қилди.
Франция элчихонаси ва Парижда жойлашган Француз тили институти ўзбекистонлик талабаларга Labcitoyen конкурсида иштирок этишни таклиф қилди. Танловда франзуз тилида гапира оладиган, 20-26 ёшли талабалар иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун улар 15 мартда бўлиб ўтадиган Франкофония конкурсида “Шаҳарда инсон ҳуқуқлари” мавзусида иншо ёзишлари керак. Иншо натижаларига кўра, беш нафар талаба танлаб олинади. Иккинчи босқичда талабалар оғзаки суҳбатдан ўтишлари керак бўлади. Унда ғолиб чиққан талаба 2-10 июл кунлари Францияга саёҳатга йўл олади. Иккинчи конкурс “Францияда бир ой” деб номланади. Ушбу конкурс Lions club de France — Француз тили халқаро маркази билан биргаликда ўтказилмоқда. Унда 18-25 ёшли, франзуз тилида гапира оладиган, уйланмаган талабалар иштирок этишлари мумкин. Ушбу танловнинг биринчи босқичи иншо ва иккинчи босқичи суҳбат асосида бўлиб ўтади. Танловда ғолиб чиққан талабалар Францияда бир ой давомида бўлишади. Бир ойнинг уч ҳафтасида улар ўқув марказлари ётоқхонасида, бир ҳафта француз оиласи билан бирга яшайди. Конкурс шартларига кўра талабалар авиачипталарни ўз ҳисобидан сотиб олиши керак. Учинчи конкурс “Мен француз тилида гапираман” деб номланади. Унда мактаб, лицей-коллеж, олийгоҳ талабалари ҳамда ўқитувчилар ва ижодий жамоалар ҳам иштирок этишлари мумкин. Ушбу конкурсда иштирокчилар ёши чекланмаган. Қатнашчилар узоқлиги 3 минутгача бўлган видеоролик тайёрлаб, унда бугунги кунда бир ёки бир неча чет тилида гаплашишнинг ютуқлари ҳақида ҳикоя қилиб беришлари керак. Видеолавҳалар француз, ўзбек ёки рус тилида суратга олинган бўлиши мумкин. Энг яхши ишлар муаллифларига махсус совғалар топширилади.