Ўзбекистонда янги соғлиқни сақлаш вазири тайинланди
(last modified Wed, 22 Feb 2017 07:51:47 GMT )
феврал 22, 2017 12:51 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда янги соғлиқни сақлаш вазири тайинланди

Ўзбекистонда янги соғлиқни сақлаш вазири этиб Алишер Шодмонов тайинланди, дея хабар беради 21 февраль куни Uzdaily.Uz. Вазирлик сайтида ҳозирча бу лавозимга 2016 йил декабрда тайинланган Алҳам Икрамовнинг номи кўрсатилган ҳолда турибди.

Фарғона.ру сайтига кўра, Алишер Шодмонов 1962 йил 10 май куни Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, 1985 йилда Андижон давлат медицина институтини тамомлаган. Йиллар ўтиб шу институтда ректор лавозимида ишлаган, медицина фанлари доктори, профессор. Рус ва инглиз тилларида сўзлаша олади. Вазир этиб тайинлангунига қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмита раиси бўлиб ишлаган. Ўзбекистон “Адолат” социал-демоократик партиясининг аъзоси.

Эслатиб ўтамиз, мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги ойларда соғлиқни сақлаш тизимида порахўрликни тугатиш истагини намойиш этмоқда. Мисол учун, 7 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда у соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ раҳбари Анвар Алимовга тиббиёт тизимида коррупция даражасининг юқорилиги ва камчиликларига ишора қилиб, “биз соғлиқни сақлашни бутунлай ўлдириб қўйдик!” деб таъна қилган эди. Унинг ўрнига вазир бўлган Адҳам Икрамовга вазирлик муассасаларида ва айниқса коррупциянинг уясига айланган туғруқхоналарда кадрларни тозалашни буюрди: “Агар бош врачларни ишдан олмасангиз, сизга ҳам қатъий чора кўраман, Адҳам Илҳомович. Ишдан олиш керак! Ҳайдаш керак! Ишга садоқатли ёшларни қўйиш керак. Садоқатли одамларни, Адҳам Илҳомович, садоқатли!”