Яна 94 киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди
(last modified Thu, 23 Feb 2017 08:21:19 GMT )
феврал 23, 2017 13:21 Asia/Tashkent
  • Яна 94 киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди

Фармон билан 94 кишининг аризаси қаноатлантирилиб, фуқароликка қабул қилинди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади.  Фармон билан 94 кишининг аризаси қаноатлантирилиб, фуқароликка қабул қилинди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ўзбекистон фуқароликка қабул қилиш борасида ҳам қонунийлик, инсонпарварлик ва ижтимоий бағрикенглик тамойилларига асосланган ҳолда инсон манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирларини тизимли равишда амалга ошириб боради, дея қайд этилади ҳужжатда.

«Ўзбекистон Республикаси демократик қадриятлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига содиқлигини намоён этиб, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ғоялари асносида ҳар бир инсоннинг фуқароликка бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди», — деб таъкидланади фармонда.

«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолати, ирқи, миллати, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати ҳамда сиёсий ва бошқа эътиқодидан қатъий назар, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонун кучга кирган вақтда турли объектив ва бошқа ҳаётий шароитларга кўра мамлакат ташқарисида бўлган маҳаллий аҳоли, шунингдек, бошқа мамлакатларда туғилиб-ўсиб, Ўзбекистонни ўз Ватани сифатида дилдан тан олган, унинг тараққий этиши ва гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшганлар қабул қилиниши мумкин», — дейилади фармонда.

Ўтган йилнинг декабрида президент фармони асосида 179 кишига Ўзбекистон фуқаролиги берилганди.