Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт қўмитасига раҳбарлар тайинланди
Ўзбекистон президентининг фармонига асосан Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил этилди
24 февраль куни Маданият вазирлигида йиғилиш ўтказилди. Унда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ўрнида ташкил қилинган Маданият вазирлиги ҳамда Спорт қўмитасига тайинланган раҳбарлар маълум қилинди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри директори лавозимида фаолият кўрсатаётган Муратов Махмуд Мўминович Маданият вазири этиб тайинланди.
Олимпия шон-шуҳрати музейи директори Қурбонов Рустам Жавдатович Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига раис этиб тайинланди.
Маданият вазирлиги марказий девони тузилмасида вазир, биринчи ўринбосар ва икки нафар вазир ўринбосари ўрин эгаллайди.
Давлат спорт қўмитаси марказий девонида эса раис, биринчи ўринбосар ва икки нафар раис ўринбосари фаолият олиб боради, улардан бири Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси директори ҳисобланади.