Ўзбекистон ТИВда ЖАРнинг янги элчиси қабул қилинди
ТИВда ЖАРнинг янги элчиси қабул қилинди
1 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Жанубий Африка Республикасининг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Анқара шаҳрида) Пуле Исаак Малефанени қабул қилди.
ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, элчи Ўзбекистон Президенти номига йўлланган ишонч ёрлиқларини топширди.
Қисқа маросимдан сўнг икки томонлама муносабатлар кун тартибининг долзарб масалалари муҳокамасига бағишланган суҳбат бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ЖАР ўртасида манфаатли ҳамкорликни, аввало савдо-иқтисодий, инвестицион соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтиришдан томонлар манфаатдор эканлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан Элчининг Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзбекнефтигаз» Миллий холдинг компанияси, Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва бошқа тузилмалардаги бўлажак музокаралари ўзаро манфаатли янги йўналишларни топиш ва ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга имкон беришига ишонч билдирилди.