Ўзбекистонда яна бир вазирлик ташкил қилинди
Фармонда вазирлик таркибида Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларини, биринчи навбатда, кўп хонадонли арзон уй-жой фонди, сув таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, капитал ҳамда жорий таъмирлаш, махсус техника ва ускуналар, машина ва механизмлар билан таъминлаш ҳамда бошқа мақсадларга йўналтириш кўзда тутилган
Ўзбекистонда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкил қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президентининг «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган. Ҳужжат матни ЎзА сайтида нашр қилинди.
Қонунга келтирилган шарҳда айтилишича, ушбу янги вазирлик уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик асосида кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, кўп хонадонли уйларни сақлаш қоидаларига риоя этилишини техник назорат қилиш бўйича самарали тизимни шакллантириш, аҳолига сифатли уй-жой коммунал хизматлари кўрсатишни тубдан яхшилаш, шунингдек, уй-жой мулкдорлари ширкатларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида тузилган.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг таркибида Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ва Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси ҳамда унинг туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди.