Шавкат Мирзиёев Хитойга беш кунлик ташриф билан боради
(last modified Wed, 10 May 2017 04:10:37 GMT )
май 10, 2017 09:10 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев
    Шавкат Мирзиёев

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11–13 май кунлари давлат ташрифи билан Хитой Халқ Республикасига боради.

Ушбу муҳим ташрифи ҳақида дастлаб 21 апрель куни Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтган ШҲТ ТИВК навбатдаги йиғилиши доирасида ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ванг И билан учрашуви мобайнида эълон қилинган эди. Бу ҳақда кун.ўз сайти хабар қилган

21 апрель куни пойтахтимизда бўлиб ўтган «Ҳаракатлар сарҳисоби: 2017 йил 1 чорак якунлари» анжуманида ҳам президентимизнинг Хитойга давлат ташрифи ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган эди.

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобовнинг айтишича, бу давлат ташрифининг кун тартибидаги асосий масала –  савдо, инвестиция соҳасидаги иккитомонлама муносабатларнинг ҳозирги кундаги аҳволи, хавфсизлик соҳасидаги масалалар, шунингдек, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик бўлади.

Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад – Хитой билан стратегик шерикликни янада кучайтириш ва ушбу давлат билан катта ҳажмдаги ҳужжатлар тўпламини имзолаш. Улар орасида икки давлат хўжалик субъектлари ва корхоналари ўртасида тижорий шартномалар бор.

Тадбир дастуридан ХХР раиси Си Жинпинг, Хитой Давлат кенгаши аъзолари, шунингдек, Хитойнинг йирик молиявий-иқтисодий ташкилотлари раҳбарлари билан музокаралар ўтказиш ҳам ўрин олган.

Президентнинг Хитойга давлат ташрифи борасида Тошкентдаги Халқаро бизнес-марказида ўтган Ўзбек-Хитой бизнес форуми давомида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Рўзиқулов ҳам чиқиш қилган эди. Унга кўра, Шавкат Мирзиёевнинг ХХРга режалаштирилаётган ташрифи инвестицион ҳамкорлик бўйича янги лойиҳалар билан тўлдирилиши мумкин.

Бош вазир ўринбосарининг айтишича, ХХР Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шерикларидан бири ҳамда мамлакатга сармоя киритувчи энг йирик инвесторлардандир.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда икки давлат ҳамкорлиги натижасида ўнлаб стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар амалга оширилди. Улар орасида Марказий Осиё–ХХР газ қувурининг тўрт тармоғини қуриш, Ангрен-Поп темир йўл линициясида 19 километрлик туннелни қуриш, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Қўнғирот сода заводи бор.

Бундан ташқари, Ш.Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Хитойда «Битта камар — битта йўл» форумида ҳам иштирок этишни мақсад қилган.

Ёрлиқ