Халқаро меҳнат конференциясида Ўзбекистон делегацияси қатнашмоқда
5 июнида Женева шаҳрида Халқаро меҳнат конференциясининг (ХМК) 106-сессияси ўз ишини бошлади. Бу ҳақида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ахборот хизмати хабар берди.
Кун.ўз сайтига кўра, тадбирда бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.Абдуҳакимова, Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхова ва Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Б.Маҳмадалиевлардан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.
Сессия доирасида Ўзбекистон делегацияси Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари Минтақавий бюроси директори Хайнц Кёллер, ХМТ бош директори маслаҳатчиси Кари Тапиола ва меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюро директори Мари Андре билан учрашув ўтказди.
ХМТ вакиллари Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича Давлат дастурини амалга оширилиши, халқаро стандартларга мувофиқ меҳнат нормаларини тадбиқ этилиши, ХМТнинг эксперт-техник кўмаги ёрдамида мониторинг олиб бориш ва ҳамкорликда қишлоқ хўжалигида меҳнат шароитларини ўрганиш соҳасида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо беришди.
2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳа бешта устувор йўналишлардан бири сифатида қабул қилинганлиги, бу эса ХМТнинг энг муҳим принцип ва мақсадлари билан ҳамоҳанг эканлиги алоҳида қайд этилди.