Тошкентда МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши ўтказилади
МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши ўтказилади
Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари кенгаши 2017 йилнинг 3 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахтида ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Минскда МДҲ вакиллари ўртасида ўтказилган йиғилиш якунида маълум қилинган.
МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши ҳукуматларнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлигини мувофиқлаштиради. МДҲ Ҳукумат раҳбарлари йиғилиши йилига икки марта ўтказилади, навбатдаги йиғилиш аъзо давлатлардан бири ташаббуси билан чақирилиши мумкин. Охирги йиғилиш шу йил майида Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилганди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида шу йил 7 апрелида МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси бўлиб ўтганди.
Мажлисга Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров раислик қилганди.
Делегациялар раҳбарлари ташкилот фаолиятининг турли йўналишларидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, халқаро ва минтақавий масалаларни ҳал этишдаги унинг роли ва аҳамиятини оширишни муҳокама этишганди.
Тадбирда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда МДҲ давлатларининг барқарор ривожланишини таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилган.