"Ўзбекистон 24" телеканалида "Сен зўрми, мен зўр" қабилида хўрозланишлар қораланди
"Ўзбекистон 24" телеканали орқали "Таҳлилнома" кўрсатуви илк сони эфирга намойиш қилинди
ТОШКЕНТ, 1 август — Sputnik. 2017 йил 30 июл куни "Ўзбекистон 24" телеканали орқали эфирга намойиш қилинган "Таҳлилнома" кўрсатувида йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ёритилди.
Кўрсатувида валюта сиёсати боис Ўзбекистон боши маломатлардан чиқмаганлиги таъкидланди:
"Яқин ўтмишда жаҳоннинг иқтисодий пешволари Ўзбекистоннинг пешонасига қанча тамға урган бўлса, Ўзбекистоннинг шаънига неча бор маломатлар ёғдирган бўлса, Ўзбекистон корчалонлари иқтисодий уқувсизликда неча бор айбланиб бошидан не бир шўр ишлар кечган бўлса шу — валюта сиёсатини, деб бўлди. Буни бугун очиқ айтмоқ керак.
Яна дангал айтиш керакки, валютанинг тўртталаб курси мавжуд бўлиб келгани, қора бозор аталмиш шармандали ҳолатнинг тараққиёт оёғига тушов бўлгани айнан президент бошлаган ислоҳотлар сабаб аста секин абас бўлиб, йўқлик сари равона бўлмоқда.
Сўнги қарор экспортдан тушган валютанинг мажбурий сотилишига барҳам берилиши эса истиқболнинг очиқ кўриниб қолганидан нишона. Буни ҳатто қилни қирқ ёрган Халқаро валюта жамғармаси экспертлари ҳам дангал тан олишди", — деди кўрсатув бошловчиси.
Кўрсатувда ташқи сиёсатда йўл қўйилган камчиликлар президент Мирзиёев ҳал қилаётгани таъкидланди:
"Яқин қўшнилар билан кимўзар мусобақа эмас, самимий ва ўзаро ишончли алоқаларни фаолиятнинг илк соатлариданоқ эълон қилиш, Марказий Осиё давлатларининг Ўзбекистонга бўлган ишончли муносабатига сабаб бўлди. Бир-бирига тўмтайиб юришлар, "Сен зўрми, мен зўр" қабилидаги хўрозланишлар, бир оғиз илиқ гапу лутф билан баъзида айниқса чегара масалаларидаги йиллаб чигаллашиб кетган муаммолар кеча-кундуз бақамта ўтириб ишлашлар эвазига бартараф қилингани бор гап.