Хитой Жиззах ЭИЗда 40 млн долларлик лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам беради
Хитойнинг Wenzhou Jinsheng Trading Co компанияси еттита инвестицион лойиҳада иштирок этади
TOШКЕНТ, 11 август — Sputnik. "Жиззах" эркин иқтисодий зонасининг Сирдарё филиалида яқин икки йил ичида умумий қиймати 40 миллион долларлик еттита инвестицион лойиҳа амалга оширилади, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мазкур инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда "Жиззах" ЭИЗ Сирдарё филиали фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини имзолади.
Барча еттита лойиҳа Хитойнинг Wenzhou Jinsheng Trading Co компанияси иштирокида амалга оширилади. Уларнинг тўрттасида Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳам қатнашади.
2018 йил охирига қадар филиалда пойабзал, чарм-галантерея маҳсулотлари, фитинг ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Чармдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа қиймати тўққиз миллион доллар бўлиб, бу ерда йилига 60 миллион квадрат метргача маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 30 фоизи экспорт қилинади.
Шунингдек, филиал ҳудудида "Ўзбекистон-Хитой дўстлик боғи" экопарки ташкил этилади.