Ўзбекистон президенти куч тизимларидан журналистларни тинч қўйишни талаб қилди
"Хорижий, мухолиф ва танқидий кайфиятда бўлган бошқа оммавий ахборот воситалари фаолиятига нисбатан муносабатларимизни тубдан қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш вақти келди. Уларнинг танқид ва компроматга тўла мақолаларини бизнинг камчилик ва муаммоларимизни кўрсатиб берувчи кўзгу сифатида қабул қилишимиз керак
nuz.uz сайти сиёсатшунос Усмон Ҳақназаровнинг "Мирзиёев ўзбек куч тизимларидан танқидий кайфиятдаги журналистларни тинч қўйишни талаб қилди" сарлавҳали мақоласини эълон қилди. Унда шу йилнинг 3 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маданият, санъат, адабиёт ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувидан Бош прокуратура, МХХ, ИИВ ва ТИВ ишлар вазирлиги раҳбарлари билан мажлис ўтказгани ҳақида сўз боради. Раҳбарларнинг тор таркиби билан ёпиқ мажлис ўтказилган. Мақолада ёзилишича, Шавкат Мирзиёев мажлис қатнашчиларига мурожаат қилиб, юқорида санаб ўтилган ташкилотларнинг раҳбарлари ўзларининг хорижий, мухолиф ва танқидий кайфиятда бўлган оммавий ахборот воситалари вакилларига бўлган муносабатларини тубдан ўзгартиришлари лозимлигини таъкидлаган. "Хорижий, мухолиф ва танқидий кайфиятда бўлган бошқа оммавий ахборот воситалари фаолиятига нисбатан муносабатларимизни тубдан қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш вақти келди. Уларнинг танқид ва компроматга тўла мақолаларини бизнинг камчилик ва муаммоларимизни кўрсатиб берувчи кўзгу сифатида қабул қилишимиз керак.
Улар бизнинг мамлакатимизга таҳдид солишмайди, аксинча, муаммоларни топиш ва бартараф қилишга ёрдам беришади. Мен, масалан, мамлакатдаги ҳақиқий аҳвол ҳақида сизларнинг ҳашамдор ҳисоботларингиздан кўра, "Озодлик" радиоси, "Би-Би-Си" ва баъзи мухолифат сайтларидан, шунингдек ижтимоий тармоқлардан биламан. Шунинг учун ҳар доим қайтараман, сизлар мени алдай олмайсизлар", – деган Ўзбекистон президенти. Давлат раҳбари МХХ раиси Рустам Иноятовдан "мухолиф ва танқидий кайфиятдаги журналистлар, шунингдек умуман, бошқача фикрлайдиган фуқаролар киритиладиган ҳар хил қора рўйхатларни тузишни бас қилишни" сўраган. Шунингдек, Мирзиёев ички ишлар вазири Абдусалом Азизовга ҳам шу йилнинг 1 август куни Самарқанд вилояти ИИБ подполковниги маҳаллий журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг фаолиятига тўсқинлик қилгани учун эътироз билдирган. Яқинда ташкил қилинган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев ҳам иттифоқнинг Сурхондарё вилоят бўлими Музробод туманида қизларнинг ҳижобини ечиш тадбирини уюштиргани учун гап эшитган. "Мени эшит, сенинг қизларнинг рўмолини ечишдан бошқа ишинг йўқми?! Уларни ўз ҳолига қўй! Қандай хоҳлашса, шундай юришсин. Ижтимоий тармоқларни ўқи, одамларнинг фикрини ўқи. У ерда одамлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бу – аёлларнинг паранжисини ечган совет Комсомолининг авлоди эканлигини ёзишяпти",- деган Мирзиёев Қ.Қуронбоевга қарата.
Сўз эркинлиги мавзусига қайтар экан, Шавкат Мирзиёев ёпиқ мажлис қатнашчиларидан "журналистларнинг ҳатто туҳмат ва ёлғон материалларига ҳам тоқат билан ёндашиш"ни сўраган. "Журналистлар ҳақиқатни ёзганми ёки йўқми, буни вақт кўрсатади. Лекин мен тан олишим керак-ки, хорижий ва мухолиф оммавий ахборот воситалари кўп ҳолларда ҳақиқатни ёзишмоқда ва реал муаммолар ҳақида бонг уришмоқда", – дея қўшимча қилган Ўзбекистон президенти.
Шу йилнинг 3 август куни бўлиб ўтган ёпиқ мажлисда президент Мирзиёев томонидан қўйилган талаблар фақатгина оммавий ахборот воситалари ҳақидаги ўзбек қонунчилигига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, Ўзбекистонда ОАВ фаолиятини ҳақиқий эркинлаштиришга қаратилган амалий қадамлар қўйилганидан кейин ҳаётга татбиқ қилиниши мумкин. Ҳозирча эса бу чиқишни президент Мирзиёевнинг ҳақиқий сўз эркинлиги ва ошкораликка эришиш йўлидаги шахсий ташаббуси сифатида кўриш мумкин.