Алмазбек Атамбаев Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов чоршанба куни Бишкекка Чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия музокараларида иштирок этиш учун келган эди
Қирғизистон президенти сафарининг аниқ санаси ҳозирча маълум эмас.
ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Алмазбек Атамбаев Тошкентга расмий ташриф билан келишга тайёрланмоқда. Бу ҳақида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг Қирғизистонга сафари вақтида келишиб олинган, РИА Новости хабарига кўра.
Қирғизистон бош вазири Сооронбай Жээнбеков айтишига кўра, Ўзбекистон бош вазирининг ташрифи, мустақиллик йилларида амалга оширилган биринчи ташриф бўлган ва у "Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг Тошкентга расмий ташрифи олдидан" амалга оширилган.
"Ҳукуматлараро комиссия мавқеи биринчи бор давлат раҳбарлари даражасигача кўтарилди. Бу бизга энг долзарб муаммолар бўйича тезкор қарорлар қабул қилиш имконини беради. Бугун биз яқин келажак режасини туздик ва ўзаро маҳсулот алмашувини ошириш мақсадида мавжуд тўсиқларни олиб ташлашга қарор қилдик. Келажакда барча ҳаракатларни мамлакатларимиз орасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратамиз", — деди Жээнбеков.
Қирғизистон бош вазири айтишига қараганда Ўзбекистон Қирғизистонга қишлоқ хўжалик техникасини, автомобиллар ва маиший техника еткизиб беради. Қирғизистон бўлса қўшни мамлакатга озиқ-овқат маҳсулотлари, сут ва гўшт, тўқимачилик ва қайта ишлаш саноати маҳсулотлари еткизиб беради.
Ўз навбатида Абдулла Арипов ҳам ушбу ташрифдан мамнун эканини ҳамда учрашувлар дўстона ва самарали бўлганини хабар қилди.