"Ўзбекистон ҳаво йуллари" ўз учувчиларини тайёрлай бошлайди
Ўзбекистон ҳаво йуллари" миллий авиакомпанияси ўз учувчиларини 2018 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб тайёрлай бошлайди
Июль ойининг охирида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Миллий авиакомпания олдида ўз учувчиларини халқаро стандартларга мос равишда тайёрлаш вазифаси қўйилган эди. Қарорда айтилишига кўра, авиакомпания олий маълумотга эга бўлган авиация техник персонли орасидан кадрлар танлаб олиб улардан икки йил давомида МАКнинг Ўқув-машқ марказида фуқаро авиацияси учувчилари тайёрлаши керак эди.
Компания вакили айтишига қараганда, танлов авиакомпания эҳтиёжларига қараб амалга оширилади, биринчи учувчилар гуруҳида 12нафардан 16 нафаргача учувчилар тайёрланади.
"Менимча келаси йилнинг баҳори охирларида ва ёзнинг бошларида танлов бўлиб ўтади. Ҳозир бўлажак учувчиларнинг ёш чекловлари, соғлиқ ҳолати каби танлов шартлари ҳақида ҳужжат тайёрланмоқда. Уни МАКнинг кадрлар бошқармаси тайёрламоқда", — деди компания вакили.
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" вакили парвозлар сонининг ошиши ва йўналишлар кенгайиши муносабати билан, ўқишни тамомлаган ҳар бир учувчи иш билан таъминланишига ишонч билдирди.