Беш нафар самарқандлик ИШИД террорчилик гуруҳига қўшилишга даъват этгани учун қамоққа олинди
Беш нафар самарқандлик ИШИД террорчилик гуруҳига қўшилишга даъват этгани учун қамоққа олинди
Ўзбекистон фуқаролари Россияга ишлашга келган Марказий Осиё муҳожирларини "ИШИД" террорчилик гуруҳи сафига жалб қилиш мақсадида Москвада махсус тармоқ ташкил қилишган. Sputnik сайтининг хабар қилишича, Самарқанд вилояти жиноий ишлар бўйича суди "ИШИД" жангарилари сафида жангларда иштирок этиш учун Сурия ҳудудига йўл олмоқчи бўлаётган беш нафар самарқандликни турли муддатларга озодликдан маҳрум қилди. Маълум бўлишича, Ўзбекистон фуқаролари Россияга ишлашга келган марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини "ИШИД" террорчилик гуруҳи сафига жалб қилиш мақсадида Москвада махсус "канал" ташкил қилишган.
Террорчилар сафига одам ёллаш билан шуғулланувчи канал ташкилотчиларидан бири 23 яшар самарқандлик Икром Абдусаттаров сохта ҳужжатлар тайёрлаш ҳамда янги "асар"ларни "Москва-Сочи-Истамбул-Сурия" йўналиши бўйича кўзланган манзилга юбориш билан шуғулланган. Янги сафдошларни ўқитиш ишлари билан эса муқаддам уч марта судланган 55 яшар Руслан Бекчитаев шуғулланган. У ҳар жума намозидан кейин ислом қонунларини ўргатиш баҳонасида радикал экстремизм ғояси тарғиботи билан шуғулланган ҳамда Сурия ҳудудидаги "ИШИД" террорчилик гуруҳига қўшилишга даъват қилган.
Айнан шу мақсадларда тўпланганлар Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам равишда "ИШИД" жангариларининг мафкуравий асосчилари томонидан айтилган ваъзларини кўриб боришган.
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор ва тергов тадбирлари давомида бутун бошли гуруҳнинг радикал жиноий фаолтияга чек қўйилди. Тезкор гуруҳ ходимлари жиноятчилардан катта миқдорда экстремистик адабиётларни ҳамда Марказий Осиё ҳудудида Ислом давлатини барпо этиш зарурлиги ҳақида ваъзлар ёзилган компьютер ва электрон ташув мосламаларини олиб қўйганлар. Ўзбекистон ва Россия махсус хизмат вакилларининг ўзаро келишган ҳолда олиб борган ҳаракатлари натижасида самарқандлик Элбек Ризаев, Шамшир Мусаев ва Дилором Яркуловалар Сочи аэропортида қўлга олинган. Судда айбланувчиларнинг барчаси тўлиқ ўз айбига иқрор бўлганлар. Кўриб чиқилган иш асосида жиноятчиларнинг ҳар бирига 10 йилдан 13 йилгача қамоқ жазоси белгиланди. Улар жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайдилар.