Ўзбекистон роҳингя қочқинларига инсонпарварлик ёрдамини топширди
Бангладеш Қизил ярим ой жамияти маълумотларига кўра, бу Мьянманинг зўравонлик ҳолатига дуч келган мусулмон озчилигини ташкил этувчиларнинг биринчи навбатдаги эҳтиёжларини қондириш учун хорижий мамлакатлардан келган инсонпарварлик ёрдамининг энг йирик партияларидан бирига айланди
18 сентябрь куни Ўзбекистон Мьянмадан бўлган роҳингя мусулмон қочқинларига тарқатиш учун Бангладеш Қизил ярим ой жамиятига (БҚЯОЖ) инсонпарварлик юкини топширди.
Бу ҳақда Кун уз Хабар берди. Бангладеш Қизил ярим ой жамияти маълумотларига кўра, бу Мьянманинг зўравонлик ҳолатига дуч келган мусулмон озчилигини ташкил этувчиларнинг биринчи навбатдаги эҳтиёжларини қондириш учун хорижий мамлакатлардан келган инсонпарварлик ёрдамининг энг йирик партияларидан бирига айланди. Расмий маълумотларга кўра, Бангладешга келган қочқинлар сони 400 мингдан ошди.
Инсонпарварлик юкидан 14 турдан зиёд озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар, жумладан, гуруч, шакар, ерёнғоқ, сут кукуни, печенье, чивинга қарши тўр, аёллар, эркаклар ва болалар учун кийим-кечаклар (сари, лунги, футболка), кўрпа-тўшак, оёқ кийимлари, асосий дори-дармон воситалари ва минерал сув бор. Бангладеш Қизил ярим ой жамияти бош котиби Мўзарул Ҳақнинг таъкидлашича, Ўзбекистондан юборилган инсонпарварлик юки жуда керакли паллада – мьянмалик қочқинлар сони анча кўпайган пайтда келди. Олинган юк камида 8000 оила ёки тахминан 50 минг қочқиннинг эҳтиёжларини қондириши мумкин.