Ўзбекистонда Тожикистон саноати маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтиши кутилмоқда
Тожикистон саноати маҳсулотлари кўргазмаси 11-14 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Кун.ўз сайтигна кўра, "Айни вақтда Тожикистон саноат маҳсулотларининг Тошкентдаги кўргазмасида иштирок этувчи компанияларни танлаб олиш жараёни кетмоқда", деб маълум қилди Тожикистон Савдо-саноат палатасининг кўргазма-ярмарка иши бўйича бўлими раҳбари Дилшод Мирсаидов.
Унинг айтишича, дастлабки рўйхатдан мамлакатнинг бутун ҳудудларидан 130 дан кўпроқ корхона жой олган.
"Айни вақтда кўргазмада иштирок этувчи компанияларнинг аниқ миқдорини айта олмаймиз. Сўғд вилоятининг ўзидан 65 та компания бор. Айни вақтда компаниялар танлаб олинмоқда. Баъзи компаниялар рўйхатга киритилиши, баъзилари истисно қилиниши мумкин", деб айтди Мирсаидов.
Мирсаидовнинг айтишича, якуний рўйхат кейинроқ тасдиқланади.
Аввалроқ Тожикистоннинг саноат ва янги технологиялар вазири Шавкат Бобозода Тошкентда 64 тадан кўпроқ корхона ўз маҳсулотини тақдим қилишини айтганди.
Вазирнинг айтишича, кўргазмада асосан машинасозлик, тоғ-кон саноати, енгил саноат, алюминий маҳсулотлари тақдим қилинади.
"Бизда кўргазмалар ўтказиш тажрибаси бор. Ўйлайманки, тадбир муносиб даражада ўтади", деб айтди Бобозода.
Тожикистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси Тошкентда биринчи марта ўтказилмоқда. Кўргазма "Ўзэкспомарказ" кўргазмалар маркази ҳудудида бўлиб ўтади.