Ўзбекистон Россиядан сотиб олиниши мўлжалланган қурол-яроғлар рўйхатини тузиб чиқди
(last modified Wed, 04 Oct 2017 07:25:54 GMT )
октябр 04, 2017 12:25 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Россиядан
    Ўзбекистон Россиядан

Ўзбекистон ҳукумати Россиядан сотиб олиниши мўлжалланган қурол-яроғлар ва ҳарбий техникаларнинг асосий турлари рўйхатини тузиб чиқди, деб ёзади «Коммерсантъ» ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳасидаги манбаларига таяниб.

Кун.ўз сайтининг хабар беришича,  рўйхатга ҳарбий ва ҳарбий-транспорт вертолётлари, зирҳли техника, ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилар киритилган.

Тошкент шунингдек кўп функцияли қирувчи самолёт Су-30СМга қизиқиш билдирган. Бундай самолётлар ишлаб чиқариладиган Иркутск авиасозлик заовди ишлаб чиқариш қувватлари билан Ўзбекистон қуролли кучларининг юқори мартабали амалдорларидан иборат делегация август ойида танишишган эди, 20 сентябрь куни эса икки мамлакатнинг ҳарбий-техник ҳамкорлиги истиқболлари РФ хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг ўзбек ҳамкасби Виктор Маҳмудов билан учрашувида муҳокама этилган эди. Нашр маълумотларига кўра, учрашув чоғида совет давридан қолган ҳарбий техника — Т-62 ва Т-72 танкларининг таъмири ҳақида ҳам сўз борган.

Шавкат Мирзиёев президент этиб сайлангач 2016 йилда ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳақидаги шартнома имзоланган, кейинчалик у ратификация қилинган. Ушбу шартноманинг шартларига кўра, Ўзбекистонга мисли кўрилмаган имтиёзлар тақдим этилган, жумладан КХШТ аъзоси бўлмай туриб, Ўзбекистон қурол-яроғларни тижорат нархларида эмас, Россия ички нархларида харид қилади. Мисол учун, Қозоғистон Россиянинг Су-30СМ қирувчи самолётларини харид қилишда шундай имтиёзлардан фойдаланади.