Владимир автоҳалокати қурбонлари ва жабрланувчилари Ўзбекистонга олиб келинди
-
Владимир автоҳалокати қурбонлари ва жабрланувчилари Ўзбекистонга олиб келинди
Владимир вилоятидаги 36 нафар ўзбекистонлик ҳамда уларнинг қариндошлари бўлган 5 киши бугун эрта тонгда ватанга қайтиб келишган
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий-транспорт самолёти 8 октябрь тонгида 6 октябрь куни Россиянинг Владимир вилояти Покров туманида рўй берган ЙТҲ иштирокчиларини Ўзбекистонга қайтарди.
«Ўзбекистан 24» телеканали берган хабарга кўра, Владимир вилоятидаги 36 нафар ўзбекистонлик ҳамда уларнинг қариндошлари бўлган 5 киши бугун эрта тонгда ватанга қайтиб келишган. Шунингдек, 15 нафар фуқаронинг жасади ҳам Сурхондарёга олиб келиниб, 22 нафар сурхондарёлик Термизда қолган, самолёт эса Тошкентга йўл олган.
Автоҳалокат 6 октябрь Москва вақти билан соат 03:30ларда Владимир вилоятидаги темир йўл кесишмасида содир бўлган. ЙТҲда темир йўл изларидан ўтиш жойида тўхтаб қолган автобусга поезд келиб урилган.
Шу куни Ўзбекистон ҳукумати қарорига кўра, ёрдам кўрсатиш ва жабрланганларни олиб кетиш учун Владимир вилоятига махсус самолёт ва мутахассислар юборилганди.
Айни вақтда ЙТҲ оқибатида оғир жароҳат олган 3 нафар ўзбекистонлик Владимир вилоятида даволанишда бўлиб турибди. Уларнинг аҳволи доимий назоратда ва улар соғлиги яхшилангач, ватанга қайтади.