ноябр 06, 2017 13:03 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон доимий аҳолиси
    Ўзбекистон доимий аҳолиси

1 октябрь ҳолатига республика доимий аҳолисининг сони 32 млн. 511,9 минг кишини ташкил этиб, йил бошидан 391,4 минг кишига ёки 1,2 фоизга кўпайди.

Кун.ўз сайтига кўра, шундан, 16 млн. 451,9 минг киши – шаҳар жойларида (жами аҳоли сонининг 50,6 фоизи) ва 16 млн. 60,0 минг киши – қишлоқ жойларида (49,4 фоизи) истиқомат қилади. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг 2017 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича ҳисоботида айтилади.

2017 йилнинг январь–сентябрида туғилганлар сони 523,6 минг кишини ташкил этди ва 2016 йилнинг шу даврига (532,4 минг киши) нисбатан 8,8 минг кишига камайди, шунга мос равишда туғилиш коэффициенти 21,7 промиллени ташкил қилди.

Туғилиш коэффициентининг сезиларли камайиши Хоразм (20,7 промилледан 19,5 промиллегача), Бухоро (20,6 дан 19,5 гача), Фарғона (21,9 дан 20,8 гача) Тошкент (20,2 дан 19,2 гача), Қашқадарё (24,7 дан 23,8 гача), Наманган (23,5 дан 22,6 гача), Андижон (22,9 дан 22,1 гача) Навоий (22,3 дан 21,7 гача) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси (20,7 дан 19,5 гача) ҳиссасига тўғри келади.

2017 йилнинг январь–сентябрида вафот этганлар сони 116,9 минг кишини ташкил қилди ва 2016 йилнинг шу даврига (108,9 минг киши) нисбатан 8,0 минг кишига кўпайди, мос равишда ўлим коэффициенти 4,8 промиллени ташкил қилди (2016 йил январь–сентябрида – 4,6 промилле бўлган).

2017 йил январь–сентябрь ойларида республика бўйича кўчиб келганлар сони 120,8 минг кишини, шу давр мобайнида кўчиб кетганлар сони эса – 136,1 минг кишини ташкил қилди. Мос равишда миграция қолдиғи минус 15,3 минг кишини ташкил этган, 2016 йилнинг мос даврида минус 20,7 минг киши бўлган.

Ёрлиқ