Ўзбекистонда Миллий антидопинг агентлиги очилади
Суҳбат жараёнидаги асосий мавзу Ўзбекистонда Миллий антидопинг агентлигини очиш масаласи бўлди
Чехия пойтахти Прагада бўлиб турган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов Халқаро антидопинг агентлиги Бош директорининг ўринбосари Роб Коехлер билан учрашди. Суҳбат жараёнидаги асосий мавзу Ўзбекистонда Миллий антидопинг агентлигини очиш масаласи бўлди. Бу ҳақда Форс ахборот агентлиги хабар берди.
Маълумки, жорий йилнинг 9-10 март кунлари Тошкентга Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг Миллий ва Минтақавий антидопинг ташкилотлари билан алоқалар бўйича директор ўринбосари Том Мэй ва ушбу ташкилотлар билан алоқа бўйича менежери Франциско Леонлар ташриф буюришган эди.
Ойбек Қосимов билан бўлиб ўтган учрашув давомида жаноб Роб Коехлер Ўзбекистонда Миллий антидопинг агентлигини очиш масаласида зарур амалий ёрдамларни аямаслиги, керак бўлса Тошкентга экспертлар ва мутахассислардан иборат комиссия юборишини таъкидлаб ўтди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби таклиф этилаётган ёрдам учун миннатдорчилик изҳор этиб, Ўзбекистон бу масала билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.