Россиянинг ҳар бир федерал округида Ўзбекистон консуллиги очилади
Эндиликда Россиянинг ҳар бир федерал округида Ўзбекистоннинг бош консуллиги пайдо бўлади. Хусусан, Россия Федерациясининг Санкт-Петербург, Қозон, Ростов, Екатеринбург шаҳарлари ҳамда Узоқ Шарқида Ўзбекистон консулликлари очилиши маълум қилинди.
Ёшлар Иттифоқининг Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Москвадаги «МИСиС» Миллий тадқиқот технология университетида Россияда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашув ўтказгани ҳақида хабар берилганди.
Ушбу тадбирда KUN.UZ мухбири ҳам иштирок этди. Мухбирнинг воқеа жойидан хабар беришича, учрашувда Ўзбекистон элчиси ҳам қатнашган. Унинг маълум қилишича, эндиликда Россиянинг ҳар бир федерал округида Ўзбекистоннинг бош консуллиги пайдо бўлади. Хусусан, Россия Федерациясининг Санкт-Петербург, Қозон, Ростов, Екатеринбург шаҳарлари ҳамда Узоқ Шарқида Ўзбекистон консулликлари очилиши маълум қилинди.
Қайд этилишича, Санкт-Петербургга консуллик ходимлари етиб келишган ҳамда тез орада бу ердаги бош консуллик ўз ишини бошлайди.
Бундан ташқари, элчининг сўзларига кўра, айни дамда Россияда Ўзбекистоннинг 1,5 миллионга яқин фуқароси бор. Бироқ, консуллик ҳисобида атиги 40 минг нафар инсон туриши алоҳида қайд этилди. Элчи бу борада тегишли ишлар олиб борилаётгани ва консуллик ҳисобида туришнинг афзалликлари ҳақида ҳам сўзлаб берди.