Европа тикланиш ва тараққиёт банки делегациясининг Ўзбекистон расмийлари билан бўлиб ўтган учрашуви
Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонга 120 миллион евро транш ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг вице-президенти Филипп Беннетт маълумот берган.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз “Европа тикланиш ва тараққиёт банки делегациясининг Ўзбекистон расмийлари билан бўлиб ўтган учрашуви”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки биринчи вице-президенти Филипп Беннетт бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан Тошкентда учрашди. Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг нуфузли делегацияси «Марказий Осиё: бир ўтмиш ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро конференциясида иштирок этиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-президенти Филипп Беннетт бошчилигидаги делегация билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти ўртасида шу йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган учрашув, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати билан имзоланган Англашув меморандуми доирасида эришилган келишувлар қисқа муддатга мўлжалланган фаолиятининг устувор йўналишларини белгилашда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун кредит маблағларини ажратиш ушбу соҳадаги ҳамкорликда асосий ўрин тутди. Томонлар Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишдаги ҳамкорлик истиқболлари, хусусий секторни қўллаб-қувватлашни давом эттириш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, жумладан, фонд биржасини модернизация қилиш, қимматли қоғозлар бозорини такомиллаштириш каби қатор масалалар юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки делегацияси қатор вазирлик ва идораларда ҳам учрашувлар ўтказди. 8 ноябрь куни Европа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистон банклар ассоциацияси биносида ўз иш фаолиятини бошлади. Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонга 120 миллион евро транш ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг вице-президенти Филипп Беннетт маълумот берган.
Умумий қиймати 120 миллион АҚШ долларига тенг учта кредит шартномаси имзоланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раисининг биринчиси ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-президенти Филипп Беннет иштирок этди. «Биз бугун, дарҳақиқат, тарихий ҳодисанинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Шу йилнинг март ойи Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки президенти Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлганда, биринчи қўйилган масала шу бўлдики, «қачон Ўзбекистонда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг ваколатхонаси очилади?». Шунда банк вакиллари «балки бу ишни тез бажара олмасмиз», деб фикр билдирган эди. Лекин, орадан ярим йил ўтмасдан, катта мамнуният билан таъкидлаш лозимки, бир неча юз миллион долларлик кредит йўлаклари очилмоқда, ва ниҳоят, мана шу бинода банк ўз ваколатхонасини очмоқда» деб таъкидлаб ўтди Содиқ Сафоев.
Банк вице-президенти Филипп Беннет ҳам Ўзбекистон ҳукуматига ўз миннатдорчилигини билдириб, муассаса фаолияти молиявий кўмак бериш билан чекланиб қолмаслигини айтиб ўтди. «Биз фақат кредит тақдим этиш билан эмас, балки турли масалаларда ўз тажрибамиз билан ўртоқлашишга тайёрмиз. Шунингдек, ҳамкорликни турли кўринишда ва босқичда давом эттиришга очиқлигимизни билдираман. Мамлакатда ҳукумат билан тузилажак шартномаларни бажаришдан ташқари, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга, маданий обидаларни сақлашга, инфратузилмани янада яхшилашда кўмак беришга тайёрмиз» деб ўз фикрини билдирди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-президенти Филипп Беннет Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича стратегик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади. Эндиликда банк вакиллари Ўзбекистонга кўп ташриф буюриши, келгуси йил март ойида эса Директорлар ижроия кенгаши аъзолари Тошкентга ташриф буюриши режалаштирилгани маълум бўлди. Қисқа давр ичида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Агромир Жуис агросаноат корхонаси ҳамда Мутабар Медикал Стандарт ишлаб чиқариш корхонасига 10 миллион доллари қийматида кредит ажратди. Наманган, Хоразм вилояти ва Тошкентда сув ҳамда иссиқлик манбасини ривожлантиришга қаратилган бешта лойиҳани умумий қиймати 215 миллион долларга тенг кредит билан молиялаштириш бўйича келишиб олинди.
Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-президенти Ўзбекистонда сўнгги вақтларда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Хусусан, мамлакатда конвертациянинг муваффақиятли амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам катта салоҳиятга эга эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Шу ўринда Филипп Беннетт Ўзбекистоннинг DoingBusiness рейтингида юқорилаганини ҳам қайд этган ҳолда, инвестицион муҳитдаги муаммолар ва уларни баратараф этишга доир ўз тавсияларини берди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-президенти Филип Беннетт самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда ўзаро манфаатли ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори эканини таъкидлади. Бундан олдин эса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки президенти билан учрашганда Жаҳон банки Ўзбекистоннинг ишончли ва стратегик шериги эканини алоҳида таъкидлаб ўтган эди.
Мазкур учрашувда Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилингани, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Халқаро валюта жамғармаси тавсиялари асосида валюта соҳасида бозор механизмлари жорий этилгани, савдодаги турли тўсиқлар олиб ташлангани, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити янада яхшиланаётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон президенти ушбу ислоҳотларни амалга оширишда Жаҳон банкининг улкан тажрибаси қўл келиши, Ўзбекистон банк билан ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади. Ўзбекистонда самарали микромолиялаш тизимини жорий этиш, ирригация-дренаж ва йўл-транспорт инфратузилмаларини модернизация қилиш, агросаноат комплексини ривожлантириш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Мулоқотда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар, истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.