Ислом Каримовга Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (АIBА)нинг "Хизматлари учун" ордени топширилди
-
апавпрвап
Ислом Каримовга Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (АIBА)нинг "Хизматлари учун" ордени топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 15 июль куни Оқсаройда Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (АIBА) президенти Чинг-Куо Вуни қабул қилди.
Чинг-Куо Ву АIBА Ижроия қўмитасининг Тошкентда ўтаётган мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрди. Мазкур спорт форуми Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси учун Бразилияда бўладиган Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг якуний босқичи ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, АIBА ва унинг раҳбари Чинг-Куо Ву ўзининг муносиб хизмати билан дунёда кенг тарқалган боксни ва, умуман, Олимпия ҳаракатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.
Ушбу нуфузли халқаро ташкилот Ижроия қўмитаси мажлисининг Тошкентда ўтказилаётгани муҳим воқеа бўлиб, бу жаҳон спортида Ўзбекистон алоҳида ўрин эгаллашини яна бир бор тасдиқлайди.
Оқсаройдаги учрашувда Ўзбекистонда ҳаваскорлик боксини ривожлантириш, мамлакатимизнинг АIBА билан самарали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.
Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси раҳбари Президент Ислом Каримовга самимий қабул ҳамда Ўзбекистонда спортни, жумладан, боксни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентига спорт ва олимпия ҳаракатини ривожлантириш ҳамда оммаллаштириш йўлидаги улкан хизматлари учун, шунингдек, боксни халқаро ва миллий даражада ривожлантириш борасидаги фидокорона меҳнати эътирофи сифатида АIBАнинг юксак мукофоти "Хизматлари учун" ордени топширилди.