Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ҳақида фатвосини эълон қилди
-
Ўзбекистон мусулмонлари
ТОШКЕНТ, 1 дек – Sputnik. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан эълон қилинган ушбу фатвода ҳажнинг фарз бўлиши учун кишида топилиши лозим бўлган шартлар, шунингдек, ҳаж сафарига отланишнинг тартиб-қоидалари, ахлоқ-одоблари баён этилган.
Кун.ўз сайтининг хабар қилишича, "Ўтган йиллар давомида ҳаж сафарига бораётган фуқароларимизнинг ҳолатини кузатиш асносида шу нарсага ҳам гувоҳ бўлмоқдамизки, айрим кишилар ўзлари ҳажга боришга на моддий имконияти ва на рағбати бўлган ҳолда ёки соғлиги яхши эмаслиги ёхуд узоқ сафарга боришга лаёқатли эмаслигига қарамасдан уларнинг ўғил-қизлари гўёки ўз фарзандлик бурчларини бажариш ёки эл-юрт орасида сохта обрў топиш мақсадида ота-оналарини ҳаж сафарига жўнатаётганлари, охир-оқибат ҳаж амалларидаги машаққатлар улар учун оғир туюлиб, ибодатларни мукаммал адо этишга беэътибор бўлинаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Ҳолбуки, ҳаж ибодатининг мақбул бўлиши ҳаж қилаётган кишининг одоб-ахлоқининг гўзал бўлишига ҳам боғлиқ бўлиб, бировлар билан жанжаллашиш, бошқаларга малол келтирадиган хатти-ҳаракатлар қилиш ҳам ҳаж амалига путур етказади.
Ҳожилик мақомини қўлга киритишдан кўра унинг шаънини сақлашнинг масъулияти оғирроқдир. Чунки, ҳожи деган ном ортида Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадек шаҳарлар ва у ердаги муқаддас қадамжоларга эҳтиром, умуман, Ислом динига ҳурмат ётади. Шу нуқтаи назардан, ҳар бир ҳожи ўзининг гап-сўзи, хатти-ҳаракати, халқ орасидаги муомала-муносабати билан муқаддас Ислом динига нисбатан ҳурмат уйғотиши ёки унинг номига доғ тушириши ҳам мумкин эканини ҳеч қачон ёдидан чиқармаслиги лозим бўлади", дейилади унда.