Медведев имзо чекди, Россияда Ўзбекистоннинг яна бир консуллиги очилади
Бу бош консулликнинг консуллик округига Жанубий ва Шимолий-Кавказ федерал округлари таркибидаги Федерация субъектлари киради
Россия бош вазири Дмитрий Медведев Ростов-Донда Ўзбекистон Республикаси бош консуллигини очиш тўғрисидаги фармойишни имзолади. Тегишли ҳужжат матни Россия ҳукумати матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
«Имзоланган фармойиш билан Ростов-Донда Ўзбекистон Республикаси бош консуллигини очиш ҳақида қарор қабул қилинди», - дейилади ҳужжатда қолдирилган изоҳда.
Россия Федерацияси ҳукуматининг таъкидлашича, ушбу қарор Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, меҳнат мигрантларига консуллик хизмати кўрсатишда тезкорлик ва сифатнинг ошишига туртки беради.
«Бу бош консулликнинг консуллик округига Жанубий ва Шимолий-Кавказ федерал округлари таркибидаги Федерация субъектлари киради», - дея таъкидланади фармойишда қолдирилган изоҳда.