Кўксаройда олий даражадаги музокаралар бошланди
(last modified Wed, 13 Dec 2017 13:51:29 GMT )
декабр 13, 2017 18:51 Asia/Tashkent
  • Кўксаройда олий даражадаги музокаралар бошланди
    Кўксаройда олий даражадаги музокаралар бошланди

Қирғизистон Республикаси Президентининг расмий ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтмоқда. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари тор доирада музокара бошлади.

Президент матбуот хизмати берган хабарга кўра, Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёев Сооронбой Жээнбековни Қирғизистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан яна бир бор самимий қутлаб, бугунги музокаралар икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.

«Қирғизистон Президенти сифатида илк хорижий ташрифларингиздан бирини Ўзбекистон заминидан бошлаганингизни юқори баҳолаймиз. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшнилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга садоқатингиз ифодаси деб қабул қиламиз», - деган Президенти Шавкат Мирзиёев.

Сооронбой Жээнбеков Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистонга таклиф этгани учун миннатдорлик билдириб, Қирғизистон халқи номидан чуқур ҳурмат ва эҳтиром изҳор этди.

«Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегарасини чинакам дўстлик, яхши қўшнилик ва шериклик чегарасига айлантирдингиз», - деган Қирғизистон Президенти.

Президентлар ушбу ташриф савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациялари ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги ишларни якунига етказиш, янги ўтказиш пунктлари очиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини муҳокама қилиш учун яхши имконият эканини қайд этишган.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси стратегик шериклик муносабатлари, дўстлик, яхши қўшнилик ва ишончни мустаҳкамлаш борасида ўз азму қарори таъкидлашган.

Мулоқотда томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан батафсил фикр алмашилган.

Президентлар халқаро майдонда икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш ва мустаҳкамлаш борасида улкан салоҳият мавжудлиги, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга интилиши муштараклигини қайд этишган.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида аввало қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Кейинги даврда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги интеграция жараёнлари ва шериклик алоқалар фаоллашаётгани бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, Қирғизистон Республикаси билан алоқалар ҳам янги мазмун билан бойиб бормоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасидаги борди-келдилар кенгаймоқда.

Музокарада Президент Сооронбой Жээнбеков Қирғизистон Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини яна бир бор қайд этди.

Ёрлиқ