Африка — жаҳон иқтисодиёти ўсишининг янги муҳаррики
-
Африка — жаҳон иқтисодиёти ўсишининг янги муҳаррики
Африка жорий йилда жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётлар орасида энг катта улушни ўз ҳиссасига олади.
Pars Today хабар беришича, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ўзининг энг сўнгги ҳисоботида 2026 йилда Африка қитъаси дунёда энг кўп юқори суръатда ўсадиган иқтисодиётларга эга бўлишини прогноз қилган. Айрим мамлакатларда иқтисодий ўсиш 10 фоиздан ҳам ошиб кетиши мумкин. Бироқ ушбу умидбахш манзара билан бир қаторда, оғир қарз юки, сиёсий беқарорлик ва иқлим инқирози каби жиддий хатарлар ҳам қайд этилган.
Africanews нашри бу борадаги таҳлилий мақоласида сўнгги йилларда Африка мамлакатлари жаҳон иқтисодий ўсишининг эҳтимолий драйверларидан бири сифатида майдонга чиқаётганини таъкидлайди. Бой табиий ресурслар, айрим давлатларда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва янги инвестициялар иқтисодий сакраш учун замин яратмоқда.
ХВЖ ҳисоботига кўра, Жанубий Судан ва Гвинея икки хонали иқтисодий ўсиш суръатларини қайд этадиган давлатлар рўйхатининг юқори поғоналарида жой олган. Бу ўсиш асосан нефть ва кончилик соҳаларидаги фаоллик билан боғлиқ. Шарқий Африкада эса Уганда, Руанда ва Эфиопия каби давлатлар ўртача 7 фоизлик ўсиш билан минтақадаги иқтисодий ислоҳотлар самара бераётганини кўрсатмоқда.
Африка қитъаси кенг табиий бойликлар билан бирга ёш ва тез ўсиб бораётган аҳолига ҳам эга. Бу демографик омил иқтисодий тараққиётнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи бўлиши мумкин. Ёш ва серғайрат ишчи кучи инновациялар, тадбиркорлик ва замонавий технологияларни ўзлаштириш учун катта салоҳиятга эга.
Ушбу демографик устунлик таълим тизимининг кенгайиши ва рақамли технологияларга кириш имкониятларининг ортиши билан бирга, иқтисодий ўсиш ва меҳнат унумдорлигини ошириш учун янги имкониятлар яратмоқда. Шунингдек, катта ва кенгайиб бораётган ички бозор ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасининг ривожланишига туртки бериб, кўплаб халқаро компанияларни ушбу бозорга жалб этмоқда.
Бундан ташқари, Африканинг географик жойлашуви ва халқаро савдо йўлларига чиқиш имконияти қитъани глобал таъминот занжирининг муҳим бўғинига айлантирмоқда. Транспорт ва алоқа инфратузилмасига инвестициялар, минтақавий эркин савдо келишувлари билан бирга, савдо харажатларини камайтириб, экспортни ошириши мумкин. Бу жараён нафақат Африка давлатлари иқтисодий ўсишига хизмат қилади, балки қитъанинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрнини ҳам мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, мутахассислар Африка иқтисодиётлари олдида жиддий хавф-хатарлар мавжудлигидан огоҳлантирмоқда. Иқлим ўзгариши ва ундан келиб чиқадиган шоклар иқтисодий инфратузилмаларни заифлаштириши мумкин. Айрим мамлакатлардаги сиёсий беқарорлик эса хорижий инвестицияларни жалб этишга тўсқинлик қилади.Қўшимча равишда, оғир қарз юки Африка давлатлари бюджетларига катта босим ўтказмоқда. Фақат 2026 йилнинг ўзида Африка мамлакатлари қарздорларга қарийб 95 миллиард доллар тўлаши керак. Масалан, Кения давлат харажатларининг қарийб бешдан бир қисмини қарзни қайтаришга сарфлашга мажбур.
Бошқа томондан, электр энергияси тақчиллиги ҳамон Африкадаги асосий тараққиёт тўсиқларидан бири бўлиб қолмоқда. Янги инвестицияларга қарамасдан, Марказий Африка Республикаси каби давлатлар ҳали ҳам жиддий электр етишмовчилигига дуч келмоқда. Барқарор энергия манбаларининг йўқлиги тадбиркорлар ва саноат учун катта чекловлар яратмоқда. Шунингдек, коррупция ва бошқарувдаги заифликлар айрим мамлакатларда иқтисодий ислоҳотларни тўлиқ амалга оширишга халақит бериб, хорижий инвесторлар ишончини пасайтиради.Хомашё экспортига ортиқча боғлиқлик ҳам кўплаб Африка давлатлари иқтисодиётини жаҳон бозоридаги нарх тебранишларига нисбатан заиф қилиб қўймоқда. Иқлим инқирози билан боғлиқ қурғоқчилик, тошқинлар ва экологик беқарорлик эса озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда ҳаётий ресурсларга жиддий таҳдид солмоқда.2026 йил остонасида Африка ўта нозик босқичда турибди: бир томондан, қитъа олдида иқтисодий ўсиш учун бетакрор имкониятлар очилган, иккинчи томондан эса жиддий таҳдидлар бу йўлни тўхтатиб қўйиши мумкин.
Агар Африка давлатлари қарз юкини оқилона бошқара олса, сиёсий ислоҳотларни илгари сура олса ва энергия каби ҳаётий инфратузилмаларни ривожлантирса, қитъа Халқаро валюта жамғармаси прогноз қилганидек, жаҳон иқтисодий ўсишининг асосий қутбларидан бирига айланиши мумкин.