Ўзбекстонда Ҳажга бориш тартиби ўзгарди
(last modified Wed, 03 Jan 2018 14:43:15 GMT )
Январ 03, 2018 19:43 Asia/Tashkent
  • Ўзбекстонда Ҳажга бориш тартиби ўзгарди
    Ўзбекстонда Ҳажга бориш тартиби ўзгарди

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги 1031-сон қарори билан «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги каналида маълум қилинди

Киритилган ўзгартиришларга кўра, Ҳажга бормоқчи бўлган фуқаро олдин «Ҳаж»га бормаган бўлиши лозим (олдинги талаб сўнгги 5 йил мобайнида «Ҳаж»га бормаган бўлиши керак эди).

Бундан ташқари, маҳаллаларда Ҳажга боришга номзодларни саралаб олиш учун ишчи гуруҳлар тузилади.

Ҳажга боришга навбатга қўйилган номзодлар рўйхати тегишли ҳудуддаги масжид ва ўзини ўзи бошқариш органларининг биноларида эълон қилинади ҳамда 15 кун мобайнида улар бўйича жамоатчилик фикри ўрганилади.

Ишчи гуруҳлар номзодлар бўйича жамоатчилик фикри ва эътирозларини 5 кун муддатда текшириши лозим бўлади.