Парламент, сенатор ёки депутат сўровига жавоб берилмадими – ЭКИҲнинг 7 бараваригача жарима
(last modified Tue, 09 Jan 2018 08:29:42 GMT )
Январ 09, 2018 13:29 Asia/Tashkent
  • Парламент, сенатор ёки депутат сўровига жавоб берилмадими – ЭКИҲнинг 7 бараваригача жарима
    Парламент, сенатор ёки депутат сўровига жавоб берилмадими – ЭКИҲнинг 7 бараваригача жарима

3.01.2018 йилдаги ЎРҚ-456-сон Қонун билан парламент сўровини, сенатор ёки депутат сўровини кўриб чиқишда қонунбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик жорий этилди. Бу ҳақда Norma.uz ёзмоқда. 

Қайд этилишича, бунинг учун МЖтКнинг 193-моддасига қўшимча киритилди. Мансабдор шахсларнинг парламент сўровини, сенатор ёки депутат сўровини кўриб чиқишдаги қуйидаги ғайриқонуний ҳаракатларига нисбатан жарима солинади:

• сўровни кўриб чиқмасдан қолдириш;• сўровни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш;• сўров юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш.

Бунинг учун мансабдор шахслар ЭКИҲнинг 3 дан 7 бараваригача жарима билан жазоланади.

Маълумот учун:

Парламент сўрови – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ёки Сенати томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан сўрови юбориладиган сўров (“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги конституциявий қонунларнинг 12-моддалари).

Сенатор сўрови – қоида тариқасида, тегишли ҳудудларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан сўров (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг регламенти тўғрисида”ги Қонуннинг 31-1-моддасига қаранг).

Депутат сўрови - қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ёки Ўзбекистон экологик ҳаракатининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан сўров (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида”ги Қонуннинг 32-1-моддасига қаранг).

Сўровларни кўриб чиқиш муддати - агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, 10 кун.