Ўзбекистон аҳолиси узоқ умр кўриши бўйича Марказий Осиёда биринчи
Марказий Осиё давлатларида умр кўриш давомийлиги 1990-йиллардаги кўрсаткичдан ошди ва Ўзбекистонда 73,8 йилга, Тожикистонда 73,7 йилга, Қозоғистонда 72,4 йилга, Қирғизистонда 70,9 йилга ва Туркманистонда 70,4 йилга етди
Бундай маълумотлар “2018 йилда Марказий Осиёдаги энг муҳим 10 ҳодиса” деб номланган таҳлилий шарҳда келтирилган. Бу шарҳ Халқаро муносабатлар бўйича Қозоғистон кенгаши раиси Ерлан Карин томондан тақдим қилинган.
Шарҳда келтирилган ҳодисалардан бири Марказий Осиё давлатларидаги аҳоли сони бўлди. Маълум қилинишича, минтақамизда аҳоли сони 2017 йилда 70 млн дан ошган.
“Аҳоли ёш структураси ўзгариши кўп жиҳатдан умр кўриш давомийлиги ошиши ва ўлим даражаси пасайиши билан боғланган. 2017 йилда минтақада кекса аҳоли улуши 4,9 фоизгача ошди. Бунда энг юқори кўрсаткич Қозоғистонда – 7,2 фоиз, энг паст кўрсаткич Тожикистонда – 3,2 фоиз бўлган”, деб айтган Карин.
Кариннинг айтишича, 2018 йилда минтақада болалар сони ва уларнинг улуши ошишда давом этади.
“2017 йил бошида 14 ёшгача болалар сони 20,5 млн нафарни ташкил қилган, уларнинг улуши минтақанинг 5 та давлати аҳолиси умумий сонининг 29 фоизини ташкил қилади”, деб маълум қилди Карин.
Кенгаш прогнозларига кўра, туғилишнинг амалдаги ўртача суръатлари сақланиб қолса, 2018 йилда Марказий Осиё давлатларининг болалар аҳолиси умумий аҳолининг 30 фоизига етади.
Таъкидлаш жоизки, 2017 йилда Қозоғистонда аҳолининг онлайн ҳисоблагичи ишга туширилган. Бу ҳисоблагич реал вақт режимида мамлакатда аҳоли сони ўзгаришини кузатишга имкон беради.