Тошкент ва Душанбе келишди. Виза режими бекор қилинади
(last modified Thu, 11 Jan 2018 11:23:21 GMT )
Январ 11, 2018 16:23 Asia/Tashkent
  • Тошкент ва Душанбе
    Тошкент ва Душанбе

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг Душанбега ташрифи давомида Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегаралари билан боғлиқ кўплаб масалалар бўйича келишиб олди.

Кун.ўз сайтига кўра, хусусан, виза масаласида ҳамда Фарҳод ГЭС масаласида келишувга эришилган. «АП» мухбири Тожикистон ҳукуматидаги манбага асосланиб хабар беришича, яқин вақт ичида икки республика ўртасида «Фуқароларнинг ўзаро ташрифлари» тўғрисидаги ҳужжатни имзолаши, унга кўра, икки мамлакат фуқаролари визасиз иккинчи мамлакат ҳудудида бўлишига рухсат берилиши кўзда тутилган.

Манбанинг сўзларига кўра, томонлар яқин вақтлар ичида йўловчи поездлар ва автобуслар қатновини йўлга қўйишни, шунингдек, ўзаро чегара ҳудудида янги назорат-ўтказув пунктлари очишни режалаштирган.

Томонлар Фарҳод ГЭС масаласида ҳам келишувга эришган. Ушбу иншоот жойлашган ҳудуд Тожикистон ҳудуди деб тан олинади, объект эса Ўзбекистон мулки ҳисобланади. Объектни тожик томони қўриқлайди, унга техник хизматлар Ўзбекистон томонидан кўрсатилади.

«10 январь куни Душанбеда ўтказилган Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ҳукуматлараро комиссияларининг мажлислари самарали ва истиқболли кечди», - дея қайд этган манба.

Унинг сўзларига кўра, мажлисда икки давлат муносабатларини ривожлантириш йўналишлари кўриб чиқилган.

«Душанбедаги мажлис якунларига кўра, икки давлатнинг тегишли вазирликларига Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида транспорт, коммуникациялар, савдо, иқтисодиёт ва чегаралар бўйича ҳамкорлик бўйича келишувлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилган», - дея қайд этган манба.

Барча келишувлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил баҳорида Душанбега қиладиган давлат ташрифи чоғида имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар совуқлашганига 25 йил бўлмоқда. Душанбе томони тез-тез қўшни давлатни темир йўл ва автойўлларни ёпиб қўйишда айблаган. Ўз навбатида, расмий Тошкент Тожикистонда Роғун ГЭС қурилишига қаршилик қилган. Ўзбекистон ҳукумати ушбу сув иншооти қурилиши минтақадаги аграр хўжаликка таҳдид деб ҳисоблаб келган. 2001 йилда аввал Ўзбекистон, кўп ўтмай Тожикистон виза режими жорий этганди.