Грузия парламенти раиси Тошкентга келди
(last modified Sun, 21 Jan 2018 14:50:02 GMT )
Январ 21, 2018 19:50 Asia/Tashkent
  • Ираклий Кобахидзе
    Ираклий Кобахидзе

Грузия парламенти раиси Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди

Кун.уз сайтига кўра, Грузия парламенти раиси И.Кобахидзе бошчилигидаги делегация аъзолари ўз ташрифини Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасидан бошлади. 

Музокараларда Ўзбекистон билан Грузия ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм ва транспорт-логистика, транзит йўлакларини шакллантириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритилди. 

Делегация вакилларига президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Мамлакатда иқтисодий ислоҳотларнинг изчиллик билан олиб борилаётгани йирик инфратузилма объектлари ва корхоналар барпо этиш жараёнига чет эл инвестицияларини мақсадли йўналтириш имконини бераётгани таъкидланди. Инвестиция дастурларини иқтисодий, молиявий ва технологик асосланган ҳолда ишлаб чиқишда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. 

И.Кобахидзе Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатни ривожлантиришда янги саҳифа очилганини алоҳида қайд этди. Грузиянинг ривожланаётган иқтисодиёти, хусусан, туризм, фармацевтика, озиқ-овқат саноатидаги ижобий тенденциялар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга имкон беришини таъкидлади. 

Ёрлиқ