Ўзбекистон президенти кореялик касбдоши билан телефон орқали суҳбатлашди
(last modified Thu, 25 Jan 2018 14:46:29 GMT )
Январ 25, 2018 19:46 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон президенти кореялик касбдоши
    Ўзбекистон президенти кореялик касбдоши

Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.

Кун.уз сайтига кўра, Шавкат Мирзиёев Президент Мун Чжэ Инни туғилган куни билан самимий қутлаб, унинг Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган улкан ҳиссасини алоҳида қайд этди. 

2017 йилнинг ноябрь ойида Сеул шаҳрида бўлиб ўтган тарихий аҳамиятга эга олий даражадаги самарали учрашув ва музокаралар кўп қиррали ўзаро алоқаларни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратгани ҳамда икки томонлама муносабатларга аниқ амалий мазмун бахш этгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.  

Президент Мун Чжэ Ин Президентимиз Шавкат Мирзиёевга табрик ва эзгу тилаклар учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон Президенти тимсолида Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида ҳақиқий дўст, маслакдош ва ҳамфикрга эга бўлганини алоҳида таъкидлади. 

Корея Республикаси раҳбари, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг замонавий Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини юксак баҳолади. Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг янги босқичи муҳим вазифалари ва устувор мақсадларига кўра муштарак экани қайд этилди.

Мулоқотда икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилди, минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича фикр алмашди. 

 

Ёрлиқ