Чақалоқ танасидаги игналар. Дастлабки фаразлар маълум
(last modified Fri, 02 Feb 2018 15:45:02 GMT )
феврал 02, 2018 20:45 Asia/Tashkent
  • Чақалоқ танасидаги игналар. Дастлабки фаразлар маълум

Танасидан игналар топилган 11 ойлик чақалоқ Азизбек Абдумажидов 9 соат давомида жарроҳлик амалиётини бошдан кечиргач, ўта оғир ҳолатда реанимацияда шифокорлар назоратида қолмоқда.

Сўнги олинган маълумотга кўра, шифокорлар унинг ҳолати ижобий томонга ўзгара бошлаганини айтмоқда.

Kun.uz мухбири чақалоқнинг танасидан топилган игналар қандай қилиб унинг ички организмида пайдо бўлиб қолганига қизиқиб, Фарғона вилояти Тошлоқ туманига йўл олди.

Маълум қилинишича, Азизбек оилада узоқ йил кутилган, ота-онанинг истак ва хоҳиши билан дунёга келди. Боланинг отаси оиладаги ижтимоий-иқтисодий шароитлар сабаб, чақалоқ туғилган онларда ҳам Россия Федерациясида ишлаётганди. Аммо, нохуш воқеани эшитган заҳоти Ўзбекистонга қайтди.

Шу пайтгача, Азизбек ва унинг онаси ўзининг қизлик уйида яшаб келаётганди. Улар яшаб турган хонадонда боланинг буви, буваси ва холасидан бошқа ҳеч ким йўқ. 

«Уларнинг уйида ҳеч қандай жанжал ё уруш овозини эшитмаганмиз. Ҳар доим маҳаллада намунали оила сифатида эътироф этилган», дейди оилани яхши таниган қўшнилардан бири.

Дастлабки фаразларга кўра, шифокор Ҳабибулло Акилов «игналар ташқи куч таъсирида танага киритилган» бўлиши мумкинлигини айтган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари мазкур фараз асосида ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатган бўлиб, айни пайтда дастлабки суриштирув ишлари давом этмоқда.

«Келиннинг онаси дўппи тикиш билан шуғулланади, қолаверса ноябрь кунлари уларнинг уйида «​кўрпа қавиш»​ (тўшак) бўлганди. Балки, чақалоқ қоғозда тўплам ўраб қўйилган игналарни ютиб юборгандир», дейди ёши улуғ МФЙ фаоли.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган тергов жараёнидан хабардор ички ишлар ходими ҳам шу фаразни тасдиқлади.

«Мавжуд далиллар билан ишни обдон ўрганиб чиқяпмиз. Суратларга эътибор қилинг, (суратлар кўрсатилди) бола қўлига тушган барча нарсани оғзига солишни яхши кўради», дейди ходим.

Дастлабки суриштирув ҳолатига кўра, чақалоқ қадоғидан очилмаган, янги игналар тўпламини бус-бутун ютиб юборган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расулбек Қушербоев болакайни «унвонсиз ягона ва ҳақиқий «​қаҳрамони»​га тенглаштирди.

«​Яша...Менинг жажжи қаҳрамоним Азизбек Абдумажидов. Инсон иродаси қанчалар сўнмас эканлигини яна бир бор исботлаш учун яша! Мурғак бошинг билан машаққат ва азобни енгиб, ҳаммага ҳақиқий қаҳрамонлик нима эканлигини кўрсатиш учун яша! Ҳали уларга яшаш нелигини кўрсатиб қўйиш учун ҳам яша! Ларзага келган қалбларни юпатиш, умид ва қувончга тўлдириш учун яша!

Сен мен билган унвонсиз ягона ва ҳақиқий «қаҳрамонимсан». Яша...»​