Ўзбекистонлик фаоллар: Бобомурод Абдуллаевнинг аҳволидан жиддий хавотирдамиз"
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i29323-Ўзбекистонлик_фаоллар_Бобомурод_Абдуллаевнинг_аҳволидан_жиддий_хавотирдамиз
Ўзбекистонлик фаоллар МХХ ҳибсхонасида қийноқларга тутилгани айтилган журналист Бобомурод Абдуллаев аҳволидан хавотир билдириб чиқишди. Улар МХХ раиси Иноятов ишдан кетиши ортидан барча диний ва сиёсий маҳбусларни озод қилиш таклифини билдиришди.
(last modified 2021-09-20T19:27:20+00:00 )
феврал 06, 2018 12:26 Asia/Tashkent
  • журналист Бобомурод Абдуллаев
    журналист Бобомурод Абдуллаев

Ўзбекистонлик фаоллар МХХ ҳибсхонасида қийноқларга тутилгани айтилган журналист Бобомурод Абдуллаев аҳволидан хавотир билдириб чиқишди. Улар МХХ раиси Иноятов ишдан кетиши ортидан барча диний ва сиёсий маҳбусларни озод қилиш таклифини билдиришди.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси раҳбари Надежда Атаева Ўзбекистонда МХХ ҳибсхонасида қийноқларга солинаётгани айтилган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг тақдирига бефарқ бўлмасликка чақирмоқда.

У Бобомурод Абдуллаевнинг МХХнинг бошқа маҳбуслари сингари қийноқларга тутилаётган бўлиши мумкинлигини айтган.

"Кўп ишоралар ва МХХ ҳисбхонасида ушланган кўп собиқ маҳбуслар кўрсатмасига кўра, биз бу муассасаларда қийноқлар мунтазам равишда қўлланиши ҳақида маълумот олганмиз. Шу сабабдан биз Абдуллаевнинг аҳволидан жиддий хавотиримизни изҳор қилмоқчимиз", дейди ҳуқуқ фаоли.

У бу иш БМТнинг инсон ҳуқуқлари олий комиссари ва қийноқлар бўйича махсус маърузачиси ва фикр эркинлиги бўйича маърузачиси ва барча демократик давлатларнинг дипломатик миссиялари эътиборига молик иш деб билишини таъкидлаган.

"Абдуллаев тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон тушунадики, Бобомуроднинг озодлиги учун курашиш билан ҳар биримиз ўз фикримизни эркин изҳор қилиш ҳуқуқимиз учун курашамиз", дейди у.

Олдинроқ 10 январ куни ўғли Бобомурод Абдуллаев билан МХХ ҳибсхонасида учрашган Гавҳаржон Мадаминова Шавкат Мирзиёевга видео мурожаатйўллаб ўғлининг даҳшатли қийноқларга тутилганини ҳақида гапирган эди.

Маълум бўлишича, журналист яқинлари томонидан тайинланган адвокатлардан МХХ терговчилари томонидан аёвсиз калтакланиш ва таҳдидлар ортидан воз кечишга мажбур бўлганини айтган.

"14 декабрда Мойоров келганда менинг орқаларим моматалоқ бўлиб кўкариб ётганди. Мойоров кийимингизни ечиб кўрсам бўладими, деса, йўқ деб кўрсатмадим. Онажон сиздан илтимосим шу. Бу ердан чиққандан кейин ҳеч кимга ҳеч нарса деманг. Болам яхши экан деб қўяверинг", деб журналистнинг онаси ўғлининг гапларидан иқтибос келтирган.

 Журналист Бобомурод Абдуллаев расман "Усмон Ҳақназар"имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.