Дилмурод Саидов озод қилинди
12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саидов (Дилмурод Саид) қамоқдан чиқарилди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси бу борада тегишли баёнот билан чиққан.
Кун.уз сайтига кўра, “Америка Қўшма Штатлари 2009 йилда порахўрлик ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саидовнинг озод қилинишини олқишлайди. Дилмурод Сайидов доим айбсизлигини таъкидлаб келган. 2016 йил сентябрида президентлик лавозимига келганидан бери ўнлаб виждон тутқунлари озод этилгани учун Президент Мирзиёевни қутлаймиз. Шунингдек, Президент Мирзиёев қонун устуворлиги соҳасини ҳам ислоҳ қилиш учун муҳим қадамлар қўйди. Қўшма Штатлар адолатни кутиб, ҳамон қамоқда қолаётган барча виждон тутқунларини озод этилишини, озод этилганларнинг ҳуқуқларини қайта тиклашни ва барча фуқаролар учун қонун устуворлиги такомиллаштирилишини кутиб қолади”, - дейилади элчихона баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекисон ҳукумати ҳуқуқ ҳимоячилари Аъзам Фармонов, Солижон Абдураҳмонов, Ғанихон Маматхонов, Муҳаммад Бекжонов, Мурод Жўраев, Эркин Мусаев, Жамшид Каримовни озод этиш ҳақида қарор қабул қилганди.