Хушхабар! Сурат Икромов: Бобомурод Абдуллаевга қарши жиноят иши тўхтатилди
-
Бобомурод Абдуллаев 2017 йил 27 сентябридан буён МХХ ҳибсхонасида қолмоқда
Тошкентдаги МХХ ҳибсхонасида сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаевга қарши "жиноят иши тўхтатилиб", унинг ноқонуний ҳибсга олиниши ва қийноққа тутилиши юзасидан текширув ишлари бошланган.
Бу ҳақда Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов хабар тарқатди.
Икромовнинг ўз манбаларига таяниб, айтишича, журналистнинг ишини тергов қилган Ўзбекистон МХХ тергов бошқармасининг катта терговчиси Нодир Тўрақулов ҳамда терговчи Александр Веселов ишдан четлатилган.
Бир неча кун аввал МХХ ҳибсхонасига турмуш ўртоғини кўриш учун борган журналистнинг аёли Катя Балхибаевага терговчи Веселовнинг оёқ оғриғи билан шифохонада даволанаётгани айтилган.
Сурат Икромовга кўра, Бобомурод Абдуллаев иши бўйича қийноқлар билан бирга "жиноят ишини сохталаштириш" факти бўйича ҳам текширув ўтказилмоқда.
Унинг маълумотича, текширув ишларини Ўзбекистон Бош прокуратураси олиб бормоқда.
Ҳозирча журналистга нисбатан жиноят иши тўхтатилгани борасида расмий тасдиқ йўқ.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 27 сентябрида ҳибсга олинган журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон ЖКнинг 159-модда 4-банди бўйича ("Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституцион тузумини ағдариш мақсадида тил бириктириш")айбланмоқда.
МХХ Абдуллаев мухолифат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг буюртмаси билан "политолог Усмон Ҳақназар" тахаллуси остида интернетда мақолалар чоп этгани ва "Эрк" партияси раҳбари билан биргаликда ҳокимиятни куч билан босиб олишга қаратилган режани ишлаб чиққанини айтган.
Муҳаммад Солиҳ ушбу айбловларни рад этган.
Айни пайтда у Бобомурод Абдуллаев узоқ йиллар мобайнида "сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида мақолалар ёзиб келган муаллиф эканини тасдиқлаган.
Бобомурод Абдуллаев устидан тергов ҳаракатлари ўтган йил декабрида тугаганига қарамасдан, унинг нима учун ҳануз МХХ вақтинчалик тергов ҳибсхонасида ушлаб турилгани сабаби маълум эмас.