феврал 20, 2018 10:38 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой янги транспорт йўли фойдаланишга шай
    Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой янги транспорт йўли фойдаланишга шай

5 февраль куни «Тошкент - Андижон - Ўш - Иркештом - Қашғар» янги транспорт коридори бўйлаб экспорт-импорт юк қатновини ташкил қилиш учун «Silk Road International​» МЧЖ қўшма корхонаси тузилди. Уни жиҳозлаш учун биринчи босқичда 80 та автомобиль воситалари жалб қилинади ва шу йилнинг охиригача уларнинг сони 200 га етади.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги (ЎзАДТА) вакиллари «Тошкент-Андижон-Ўш-Иркештом-Қашғар» янги транспорт коридори бўйлаб экспорт юкининг биринчи колоннасини юборишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги Матбуот хизмати тарқатган маълумотга таянган ҳолда Kun.uz мухбири хабар беради.​

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар экспортчиларининг маҳсулотлари юкни қабул қилувчиларгача «Silk Road International​» МЧЖ автотранспорт воситалари ёрдамида етказилади. Охирги манзил, Қашғар шаҳрига етиб келгандан сўнг, колонна орқага импорт маҳсулотларини юклаган ҳолда йўлга чиқади. Расмий хабарга кўра, мазкур коридордан фойдаланиш имконияти 25 февралдан бошлаб пайдо бўлади. 

«Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши автоташувчиларга уч давлат ҳудудида тўсиқларсиз мунтазам равишда юк ташиш имконини беради, — деди кириш сўзида Ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров. — Бу ўзаро маҳсулот алмашиш ҳажмига ижобий таъсир кўрсатади ва Ўзбекистон, ХХР ва Қирғизистоннинг мавжуд транзит салоҳиятини бутунлай ишга солишга йўл беради».

 

Ёрлиқ