Россия давлати Тошкентда Афғонистон бўйича конференция ўтказилишини қўллаб-қувватлади
(last modified Sat, 24 Feb 2018 05:44:08 GMT )
феврал 24, 2018 10:44 Asia/Tashkent
  • Россия давлати
    Россия давлати

Москва Ўзбекистоннинг март ойи охирида Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни. Хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номи остида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлайди.

Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов билан учрашув вақтида маълум қилди.

Кун.уз. сайтига кўра, «Бундай форум ўтказиш ташаббуси ўзбекистонлик дўстларимиз томонидан январь ойида БМТ Хавфсизлик Кенгаши махсус йиғилиши вақтида илгари сурилганди. Бугун биз ушбу муҳим тадбирга тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилдик. Биз Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш учун мавжуд форматларни, хусусан, Москва формати ва «ШҲТ+Афғонистон» форматини мобиллаштириш зарурлигини қайд этдик», дея Лавровнинг сўзларини келтирган ТАСС агентлиги.

Россия ТИВ раҳбари «Афғоонистон муаммоси минтақадаги барча давлатлардан ташқари атрофдаги бошқа давлатларни, шунингдек, Россияни ҳам ташвишлантирадиган муаммо» эканига эътибор қаратган.

«Биз бу мамлакатда ИШИД таъсиридаги кучлар ўсиб бораётганидан ташвишдамиз. Бу кучлар айниқса Афғонистоннинг шимолий ҳудудларида, қайсики, МДҲга аъзо давлатлар билан чегара ҳудудларида тўпланмоқда. У ерларда бизнинг мамлакатларимиз фуқаролари ҳам бўлган лагерлар юзага келмоқда», деган Лавров.