Бобомурод Абдуллаев иши судда, терговчи қамоқда
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i30239-Бобомурод_Абдуллаев_иши_судда_терговчи_қамоқда
Тошкентдаги МХХ ҳибсхонасида ушлаб турилган журналист Бобомурод Абдуллаев устидан тергов ниҳоясига етган ва иш Тошкент шаҳар судига оширилган.
(last modified 2018-08-22T17:54:14+00:00 )
феврал 27, 2018 00:06 Asia/Tashkent
  • Бобомурод Абдуллаев иши судда, терговчи қамоқда

Тошкентдаги МХХ ҳибсхонасида ушлаб турилган журналист Бобомурод Абдуллаев устидан тергов ниҳоясига етган ва иш Тошкент шаҳар судига оширилган.

Бу ҳақда журналистнинг ишини яқиндан кузатаётган мустақил ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Абдуллаев устидан маҳкаманинг қачон бошланиши ҳозирча адвокати ва яқинларига маълум қилинмаган.

Бобомурод Абдуллаев билан бирга маҳкамада мустақил блогер Ҳаётхон Насриддинов ҳамда Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровлар ҳам ҳозир бўлиши кутилади.

Жиноят ишида Салаев ва Оллоёровлар Бобомурод Абдуллаев- "Усмон Ҳақназаров"нинг манбалари бўлиб хизмат қилгани айтилган.

Бобомурод Абдуллаев ва "шериклари" ЖКнинг 159-моддаси, конституцивий тузумга тажовузда айбланмоқда.

44 ёшли Бобомурод Абдуллаев ўтган йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинганди.

Ўтган ой яқинлари унинг тергов жараёнида шафқатсиз қийноқларга тутилганини айтишган.

Ҳаётхон Насриддинов ўтган йил 20 октябрида ҳибсга олинган.

Халқаро ташкилотлар Бобомурод Абдуллаевга қарши айблар сиёсий эканини айтиб, уни зудлик билан озод этишга чақирганлар.

Терговчи қамоқда

Айни пайтда Бобомурод Абдуллаевни ҳибсга олишга буйруқ берган МХХ полковниги Нодир Тўрақуловнинг қамоққа олингани тасдиқланмоқда.

16 февраль куни Тошкент ҳарбий суди ёпиқ мажлисида чиқарган ажримидан маълум бўлишича, 42 ёшли Нодирбек Тўрақуловга нисбатан ЖК 301-моддаси 1-қисми (Хокимиятни суиистеъмол қилиш, хокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки хокимият харакатсизлиги ) ҳамда 230-моддаси (Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш) билан айблов эълон қилинган.

Тўрақулов муқаддам МХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси тергов бўлими раҳбари бўлиб ишлаган.

Президент Мирзиёев МХХ Сурхондарёни "талагани ва чиритиб юборгани"ни айтганди.