Тошкентни титратган прокурор қўлга олинди
ОАВ маълумотига кўра, Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси 68 яшар Мирағлам Мирзаев (лақаби Антибиотик) устидан жиноий иш очилган.
ИИВ мулозимларидан бирининг билдиришича¸ Мирзаев устидан очилган жиноий иш доирасида МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи¸ 42 яшар Абдурашид Мирзаев (Мирағлам Мирзаевнинг ўғли)¸ Тошкентдаги “Юнусобод адвокатлар коллегияси” раҳбари Муҳаббат Ҳасанова ( лақаби Кардинал - Мирағлам Мирзаевнинг хотини) ҳам ҳибсга олинган.
Айтилишича¸ Мирағлам Мирзаев¸ пенсияга кеткизилганидан кўп ўтмай¸ "инсульт бўлиб ëтиб олган". Аммо бундай ташхис расман тасдиқланмаган ва унинг қўлга олинишига тўсқинлик қилмаган.
Тошкент ҳуқуқ тизими мулозимларидан бири Мирағлам Мирзаевнинг укаси Мираъзам Мирзаевнинг ўғли¸ МХХнинг Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Мансур Мирзаев (лақаби Малыш )устидан ҳам жиноий иш очилганини билдирган. Мансур Мирзаевнинг отаси Мираъзам Мирзаев Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасида узоқ йиллар раҳбар муовини сифатида фаолият кўрсатган.
Ҳозирча Мирзаевларга қўйилаëтган айблов ва уларни ҳибсда сақлаш ҳақидаги ҳарбий суд ажрими эълон қилинмаган.