Ўзбекистон ва Туркия парламентарийлари ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитасини имзолади
(last modified Tue, 06 Mar 2018 05:47:28 GMT )
март 06, 2018 10:47 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Туркия парламентарийлари ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитасини имзолади
    Ўзбекистон ва Туркия парламентарийлари ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитасини имзолади

Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида 5 март куни Туркия парламентининг «Туркия – Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ҳайдар Али Йилдиз бошчилигидаги Туркия Буюк миллат мажлиси делегацияси билан учрашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Сенат раиси Н. Йўлдошев билан учрашувда дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлиги турли йўналишларда жадал тараққий этаётгани, парламентлараро алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани эса ўзаро муносабатларнинг янада кенгайишига хизмат қилаётгани таъкидланди.

Қонунчилик палатаси спикери Н. Исмоилов билан суҳбатда икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқалар, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, уни янада ривожлантириш ҳамда чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Меҳмонларга мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди.

Учрашувларда Ҳайдар Али Йилдиз сўнгги пайтларда икки мамлакатнинг олий вакиллик органлари ўртасидаги алоқалар фаол ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. Бу каби амалий мулоқотлар мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва албатта парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди.

Шунингдек, Туркия парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Олий Мажлиснинг Туркия Буюк миллат мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи билан Буюк миллат мажлисининг «Туркия – Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳининг илк қўшма мажлиси ўтказилди.

Музокара якунида Олий Мажлиснинг Буюк миллат мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи билан «Туркия – Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича 2018 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси («Йўл харитаси») имзоланди.

Туркия делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Туркия ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ва кооперацион биржа ҳам ўтказилди.

Ёрлиқ