Мигрантлар давлатдан 300 минг сўм беғараз ёрдам оладилар
(last modified Tue, 06 Mar 2018 19:28:47 GMT )
март 07, 2018 00:28 Asia/Tashkent
  • Мигрантлар давлатдан 300 минг сўм беғараз ёрдам оладилар

 Хорижга ишлаш учун бораётган ўзбекистонликлар бир йилда бир марта давлатдан 300 минг сўм миқдорида беғараз ёрдам оладилар.

Ёрдам Президент Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Бунинг учун ҳукумат АТ "Алоқабанк" устав капиталига давлат бюджети ва Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасидан 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратмоқда.

Ёрдам олишнинг ягона шарти Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг электрон базасида рўйхатдан ўтишдир.

Бундан ташқари юрт ташқарисига кетаётган ўзбекистонликлар "Ўзбекистон темир йўллари" ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатлари чипталарини 1 апрелдан 20 фоиз арзонлаштирилган нархда сотиб олиш имконига эга бўладилар.

Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шу йил майидан Россия ва Қозоғистон йўналишларида янги темир йўл қатновлари ҳам йўлга қўйилади.

Ўзбекистон ҳукумати мигрантларнинг хавфсизлиги масаласига шу йилнинг 18 январида Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 52 нафар ўзбекистонликларнинг ҳаётига зомин бўлган фожиадан сўнг эътибор қаратган.

Президент Мирзиёев одамларнинг ўзга юртларда сарсон бўлишида давлат раҳбариятини айблаган.

"Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун улар бегона юртларга бориб, иш қидириб юрибди. Бу давлатчилик, давлат раҳбарияти, ҳамма тизимдаги раҳбарларнинг энг катта хато ва камчиликларни ўз вақтида қилмаганидан далолат", - деб айтган Президент.

Ҳодисада аксарияти наманганлик бўлган 52 нафар ўзбекистонликлар тириклайин ёниб кетган.

Қозоқ расмийлари ёниб кетган автобус йўловчиларни ташиш учун зарур лицензияга эга бўлмаганини айтишган.

Терговчиларга кўра, автобус ичини иситишда кавшар лампа (паяльник) дан фойдаланилгани ёнғинга сабаб бўлган.

Ёрлиқ