Андижондаги эрта қариётган болакай. Балки бу ташхис нотўғридир?..
Тўғрисини айтай, бир инсоннинг шахсияти билан боғлиқ шов-шув бўлиб кетиши мумкин бўлган мақола ёзиш ва видеолавҳа тайёрлаш жуда оғир экан. Яна ёш бола ҳақида. “Эртага мақолам чиқса, овоза бўлади. Бу ҳолат болажоннинг келажаги ва руҳиятига таъсир этмасмикан?”, деган ўй мени минг қийнади.
Тўлақонли шахснинг исми-шарифини келтириб, камдан-кам - миллионлаб кишидан бирида учрайдиган касаллик билан туғилган беморни “томоша объекти”га айлантириш, унинг шахсиятига, ҳаётига аралашиш инсонийликка ҳам тўғри келмаслигидан менинг ҳам хабарим бор...
Бироқ, мақола сарлавҳасида келтирганимдек, “эрта қариш” касалига чалинган боланинг онаси бизни хонадонига таклиф қилиб: “Балки мени фарзандим, дилбандимнинг касалига даво бордир? Ўзимизда ёки чет элда бирор мутахассис мана шу дардни даволаган бўлса, ёрдами тегар?” деганидан сўнгина мақола ва видеолавҳа тайёрлашга уриндик.
2010 йили Андижон вилояти, Андижон туманидаги Бешбўйноқ маҳалласида яшовчи оддий оилада қувонч ва умид бағишлаб, навбатдаги фарзанд туғилади. Уни - Ҳадиятулло дея атайдилар.
Ҳамма гўдаклар сингари йиғлаб, она кўксини излайдиган оддий чақалоқ. Лекин, у туғилганидан кўп безовта бўлар, тана ҳарорати доим 39-40 даражада эканлиги эса онасини қийнай бошлайди. Маҳаллий врачлар доимий иситмадаги болага “Сепсис” ташхисини қўйишади. Тинимсиз касалхонада ётиб даволанишлар, минг бор санчилган уколлар ҳеч қандай ёрдам бермади.
Она ўз боласини илиқ сувда чўмилтириши унга азоб бераётганини билиб қолди. Совуқ сув баданига тегса Ҳадиятулло яйраб кетарди. Бола ёз ойларида худди амфибиядек совуқ сув тўлдирилган тоғорада ўтиради. Кейин билишса, боланинг терисидаги терлаш пардалари берк экан. У ёзда ҳам терламайди. Тана ҳарорати доим 39-40 даражада бўлганлиги учун иссиқ унга бегона. Шу кунгача она ва боланинг умри касалхоналарда ўтган.
Олти ёшида ҳам тиши чиқмаган болани яна текширувга олиб бордилар. Чунки мактабга бориш вақти келаётган эди. Мутахассислар унинг организмида кальций кам эканлигини айтиб, сунъий тиш қўймоқчи ҳам бўлишган. “Имплантант тиш қўйилса, калций моддаси мўл овқатларни еб соғлиги ўзгарар”, деган фикрлар ҳам берилди. Яқинда саккиз ёшга тўладиган йигитчани ҳозир ҳам тишлари йўқ.
“Миясида ўзгариш бор”, дейишганда, руҳий касалликлар шифохонасига олиб боришди. Ақлий ривожланиши жойида экан.
Андижон туман халқ таълими бўлими ва 14-мактаб жамоаси болакайга алоҳида эътибор қаратяпти. У қиш фасли ичи совуқда қийналмаслиги боис мактаб партасида тенгқурлари билан бирга ўқиди. Мўжизани қарангки, болалар ичида юрганида Ҳадиятуллонинг организмида ўзгариш бўлиб, сочлари чиқа бошлади.
Яна иссиқ кунлар бошланди. Қаҳрамонимиз эса ҳароратнинг кўтарилишига чидай олмайди.
“Туман халқ таълими бўлими болакайнинг уйидаги бир хонани худди синф хонасидек жиҳозлаган. Унинг бир ўзига ясалган бир парталик синф хонаси бор. Уй таълими бўйича алоҳида ўқитувчи у билан бирга. Ҳадиятуллога сабоқ берадиган ўқитувчи Одина Баҳодирова унинг зеҳни жойида эканлиги, фанларни яхши ўзлаштираётганини айтишдан чарчамайди”, дейди туман халқ таълими мутасаддиси Абдурашид Бойбобоев.
Ҳадиятулло алифбе, математика, она тили фанларини яхши ўзлаштирибди. Жуда қувноқ ва ажойиб болакай. Бизга янги йил байрамида “Андижон полька”сига ўйинга тушаётганида олинган суратини ҳам кўрсатди.
Боласи билан туғилганидан бери юзага келган ҳолатни тушунтирган онаси Иродахон Қосимова: “Туғуруқхонадан тўғри касалхонага кетганмиз. Неча йиллардан бери боламни касаллигига даво излайман. Бир ой мактабда ўқиши давомида жуда катта ижобий ўзгаришлар бўлди. Мутахассислар, елка қисишади. Тошкентда ҳам бўлдик. Ҳадиятуллонинг организмида кундан-кунга калций моддаси озайиб кетяпти. Чунки, тишлари чиқмаган. Овқатланишга қийналади. Менга: “Болангизда эрта қариш касаллиги бор” дейишди. “Ахир Яратганни карами кенг. Ҳар бир касалликни давоси бўлади, деган умид билан яшаяпман” дея зорланди. Оиланинг бошқа фарзандлари соппа-соғ.
Таъкидлаб ўтай - Ҳадиятулло қариндош уруғ ўртасидаги никоҳ маҳсули...
Мутахассисларнинг Ҳадиятуллога қўйган ташхиси билан танишамиз. Биз тушуниб, тушунмайдиган сўзлар... Фақат, ирсиятга боғлиқлиги ҳақидагисини англадик, холос.
Республика скрининг марказининг ирсий касалликлар мутахассиси Ҳадятуллога - Крист-Сименс-Турен синдроми ташхисини қўйган. Интернетда ушбу касалликни даволаш давомида маълум ютуқларга эришилгани, сунъий тишлар қўйилгач, беморнинг соғлиги, юз тузилишида ижобий ҳолатлар юзага келгани ҳақида маълумотлар бор экан.
Ҳадиятуллода онаси айтганидек “эрта қариш” касаллиги эмас, балки, бошқа моддалар алмашинуви билан боғлиқ касаллик бордир? Онаси бу ташхисни қайсидир мутахассиснинг фикрига таяниб гапирди.
Тиббиёт кундан-кунга ривожланиб, тараққий этаётгани бор гап. Онаси айтганидек: “Оллоҳнинг карами кенг”.
Ҳадиятуллонинг организмининг тўлиқ текширувлардан ўтказиш асносида, балки унинг ҳолатига даво топиш, умрига-умр қўшиш имконияти топилар. Ўйлаймизки, соҳа эгалари бемор болажонга эътибор қаратишади.
Мақоламизни ўқиётган тиббиёт соҳаси вакиллари, илмий текшириш институтлари ходимлари, ҳурматли профессорларимиз, академикларимизга илтимосимиз бор. Имконият топиб, мана шу болажоннинг дардига шифо излаб кўришга бел боғлаб кўрсангиз яхши бўлар эди.
P.S. Мақола ва видеолавҳа беморнинг онаси розилиги билан тайёрланди.
Онаси Иродахон Қосимованинг телефон рақами: +998 91 616 10 20
KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон