Ӯзбекистон  элчиси Теҳрон-Тошкент муносабатлари ривожланаётганлигини таъкидлади
(last modified Sat, 17 Mar 2018 10:43:53 GMT )
март 17, 2018 15:43 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон  элчиси Теҳрон-Тошкент муносабатлари ривожланаётганлигини таъкидлади

Ӯзбекистон Жумҳуриятининг Эрон Ислом Жумҳуриятидаги элчиси Тошкент шаҳрида Эрон Ислом Жумҳурияти радио ва телевидениеси офисини очиш масаласини қӯллаб-қувватлашини билдирди.

Ӯзбекистон Жумҳуриятининг Эрондаги элчиси Баҳодир Абдуллаев Эрон Ислом Жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги радиоси мудири Носир Зиёратирод билан суҳбатда Эрон-Ӯзбекистон муносабатларининг қадимийлиги, бу икки халқ тарихий маданий ва диний муштаракликларга эга эканлиги  ҳақида гапириб, бу муносабатларнинг ривожида, айниқса, Машҳад шаҳрини ободонлаштиришда  Мир Алишер Навоийнинг муносиб улуши борлигини таъкидлади.

Баҳодир Абдуллаев  шунингдек, Теҳрон ва Тошкент ӯртасида авиақатновларни қайта тиклаш масаласи долзарб  эканлигини таъкидлаб, шу масалани муҳокама қилиш учун ӯтган ҳафта Ӯзбекистондан салоҳиятли бир ҳайъат  Теҳронга ташриф буюрганини қайд қилди.

Ӯзбекистон элчиси, шунингдек бу мулоқотда  Тошкент шаҳрида Эрон Ислом Жумҳурияти Радио ва телевтдениеси офисини очиш учун кӯмаклашишга тайёр эканлигини билдирди.

--Яқинда Қазвин вилоятида бӯлдим, илова қилди элчи.—Аллақачон қазвинлик сармоядорлар ҳайъати  Ӯзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида бӯлиб қайтишди. Яқинда Қашқадарёлик тадбиркорларнинг Қазвинга келишлари кутиляпти. Бу икки вилоят ӯртасида иқтисодий муносабатларни ривожлантиргач, вилоятлар аро иқтисодий ҳамкорликларни йӯлга қӯйиш  ниятидамиз.

Мулоқотда Эрон Ислом Жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиоси мудири Носир Зиёратирод  радионинг 25 йилдан бери фаолият  кӯрсатаётгани, унинг  Эрон ва Ӯзбекистон халқларининг дӯстона муносабатларини мустаҳкамлашдаги муҳим роли ҳақида тӯхталиб ӯтди. У шунингдек Эрон Ислом Жумҳуриятининг қӯшни мамлакатлар, айниқса, Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан муносабатларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масаласига жиддий эътибор қаратишини таъкидлаб, илова қилди: мамлакатларимиз ӯртасидаги тарихий ва маданий муштаракликлар  Эрон ва Ӯзбекистон халқларининг янада  яқинлашувига замина яратади.