Истанбулда ўзбек муҳожири ўғирлаб кетилди
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i31276-Истанбулда_ўзбек_муҳожири_ўғирлаб_кетилди
Турк полициясида қарийб 3 хафта ушлаб турилган ўзбекистонлик Зокир Раҳимов 18 март куни ўз ватанига жўнатиб юборилган. Бу ҳақда Би-би-сига 20 март куни Зокир Раҳимовнинг жияни Алишер хабар берди.
(last modified 2018-08-22T17:54:31+00:00 )
март 21, 2018 23:21 Asia/Tashkent
  • Истанбулда ўзбек муҳожири ўғирлаб кетилди

Турк полициясида қарийб 3 хафта ушлаб турилган ўзбекистонлик Зокир Раҳимов 18 март куни ўз ватанига жўнатиб юборилган. Бу ҳақда Би-би-сига 20 март куни Зокир Раҳимовнинг жияни Алишер хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, амакиси жорий йилнинг 28 февраль куни ўз уйи яқинида, машинасини тўхтатиш пайтида олти нафар шахс тарафидан номаълум тарафга олиб кетилган. Машина очиқ қолган. Бу холат кузатиш камераларига тушган. Уни олиб кетганлар икки машинада уч кишидан бўлишган.

"Амакимиз уйга келавермагач, уни қидира бошладик. Ҳеч қаердан дараги чиқмади. Қўл телефони ҳам ўчирилган. Полицияга мурожаат қилдик. У ерда ҳам йўқ дедилар. Қўлга олиниб, полиция идорасига олиб келинганлар қайд этиладиган рўйхатда бўлмаган. Компьютер системаларимизда бўлиши керак эди. Расмий идоралар олмаган. Бизда унақа одам йўқ дейишди", - дейди Алишер.

Бедарак йўқолган Зокир Раҳимовнинг оила-аъзолари ва яқинлари уни икки ҳафта давомида излаб, 15 март куни Истанбулнинг Байрамтепа мавзейи полиция идорасидан топишади.

"15 март куни ўғли полиция идорасида дадаси билан кўришди. Уни ўша ерга қўйиб кетишган экан, ҳеч нарса бўлмагандек. Амаким менга адвокат ёллаб юрманглар, 1-2 кунда мени қўйиб юборишар экан, дея айтган. Биз ҳам шунга ишониб ўтиргандик", - дея эслайди суҳбатдош.

Орадан 3 кун ўтиб, 18 март куни тунда, маҳаллий вақт билан соат 01:30лар чамаси Зокир Раҳимов ўғлига қўнғироқ қилиб, Истанбул - Тошкент йўналишидаги самолётда эканини айтади.

"Шунақа бўлиб қолди. Мен кетаяпман. Аллоҳнинг тақдири экан. Мен алдандим, деб айтган. У Тошкентга етказилиб, Тоштурмага олиб кетилган ва ҳозирда ўша ерда сақланяпти, деб тахмин қиляпмиз", - дейди Алишер.

Навоий вилоятининг Кармана шаҳрида туғилиб ўсган Зокир Раҳимов 1999 йилнинг 16 февралидаги Тошкент портлашлари ортидан диндорларга нисбатан бошланган тазйиқлар сабаб Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган.

44 ёшли муҳожир охирги 5 йил давомида Истанбулда тижорат билан шуғулланиб келганлиги айтилади.