Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи сиёсат идоралари ўртасида ҳамкорлик дастури имзоланди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш учун Тошкентга келган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев билан учрашди.
Вазирлар 27 март куни ниҳоясига етган Тошкент форуми натижалари юзасидан фикр алмашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қирғизистон ТИВ раҳбари таъкидлаганидек, конференциянинг муваффақиятли якунланиши Афғонисон можаросининг тезда ҳал этилиши учун конструктив асос яратди.
Суҳбат чоғида икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Музокаралар якунига кўра Абдулазиз Комилов ва Эрлан Абдилдаев томонидан Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи сиёсат идоралари ўртасида 2018—2019 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.