Сенат ДХХ тўғрисидаги қонунни тасдиқлади
Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси - Сенат "Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонунни тасдиқлаган.
Қонун собиқ Миллий хавфсизлик хизмати - МХХнинг меросхўри бўлган ДХХ фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаб беради ва хавфсизлик тизими ваколатларига аниқлик киритади.
Президент Мирзиёев МХХни чексиз ваколатларга эга бўлгани учун танқид қилган ва шу йил 14 мартида "Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонини имзолаганди.
Айни фармонга мувофиқ, МХХ тугатилиб, ДХХ ташкил этилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистонда конституциявий тузумни ҳимоя қиладиган, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига ички ва ташқи таҳдидларга қарши кураш олиб борадиган ваколатли орган сифатида белгиланиши айтилган.
Фармонда МХХга унинг мақоми ва ваколат чегараларини аниқ белгилаб берувчи қонунчилик акти бўлмаган ҳолатда миллий хавфсизликни таъминлашнинг барча жиҳатлари юклатилгани мазкур маҳкаманинг барча соҳаларда давлат органлари фаолиятига асоссиз равишда аралашувини келтириб чиқаргани таъкидланганди.
Қонунсиз ташкилот
Президент Мирзиёев хавфсизлик тизимининг ислоҳ қилиниши ҳақида илк бор ўтган йил 22 декабрида парламентга мурожаатида айтганди.
У МХХ 26 йил олдинги низом асосида ишлаб келгани ва унинг фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун қабул қилиш вақти келганини таъкидлаган.
Аммо тизимдаги ўзгаришлар орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб, МХХнинг қудратли раҳбари генерал Рустам Иноятов ишдан олиниши ортидан бошланган.
ДХХдаги тузилмавий ва кадрлар ўзгариши борасида унча кўп маълумот йўқ.
Хавфсизлик хизмати Тошкентнинг Сайилгоҳидаги эски биносидан бошқа жойга кўчирилгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар олинган.
Шунингдек, собиқ МХХнинг айрим ваколатлари янги ташкил этилган Миллий гвардия ихтиёрига берилаётгани ҳам айтилади.
Мамлакат ичкарисидаги журналистларга кўра, ўзбек жамиятида МХХ яратган тотал қўрқув муҳити юмшаган, аммо ҳануз буткул йўқолган эмас.
Ўзбекистон хавфсизлик тизимларини дунёдаги энг қўпол инсон ҳақлари бузилишлари учун масъул деб кўрилади.
Ўзбекистон МХХси ўзгача фикрловчиларга қарши қийноқ қўллаш, ноқонуний ҳибсга олишлар ва сиёсий қотилликларда айбланган.
МХХнинг қатор юқори мартабали мулозимлари коррупция ва мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш айблари билан қамоққа ташланган.
Президент Мирзиёевнинг ўзи шу йил февралида собиқ МХХ генерали Шуҳрат Ғуломов умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилганини тасдиқлаганди.
У МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосарини "сотқин" деб атаган.