Шошилинч! Бекободдаги тўйда 55 киши заҳарланди
(last modified Sun, 01 Apr 2018 05:12:23 GMT )
апрел 01, 2018 10:12 Asia/Tashkent
  • Шошилинч! Бекободдаги тўйда 55 киши заҳарланди

30 март куни Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги икки тўйхонада иштирок этган 55 меҳмон овқатдан заҳарланишдан шикоят қилиб шифокорга мурожаат қилган. Заҳарланганларнинг ичида 6 нафар бола ҳам бор. Беморларнинг 9 нафари уйига жавоб берилган. Мутахассислар заҳарланиш шифохонага мурожаат қилинганидан 2 кун олдинги тўйда содир бўлганини айтмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилишича, 2018 йил 30 март соат 6:20 дан 31 март соат 14:30 гача 55 нафар, шу жумладан 6 нафар болалар тана хароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, бўғимларда оғриқ каби, шикоятлар билан шифохонага мурожаат қилган.

Улардан 50 нафари Бекобод шаҳар тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига, 4 нафари туғруқ бўлимига ва 1 нафар бемор Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти шифохонасига «ўткир гастроэнтерит, овқат токсикоинфекцияси» бирламчи ташхиси билан ётқизилган.

Бу ҳақда xabar.uz сайти Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати таяниб хабар бермоқда.

  Бекобод шаҳридаги «Бахт уйи» тўйхонасида 28 март куни фуқаро Юнусов Бегали томонидан ўтказилган никоҳ тўйида 300 нафар, «Дилдора» тўйхонасида фуқаро Гулмуродова Дилобар ўтказган қиз базмида 280 нафар меҳмон қатнашган.

Иккала тўйхонада ҳам Бекобод шаҳридаги «Истиқлол» кафеси томонидан тайёрланган турли салатлар, норин, чучвара, люла кабоб, угра, бифстроган таомлар дастурхонга қўйилганлиги айтилмоқда.

Беморлардан олинган биологик намуналар Тошкент вилояти санитария-эпидемиология назорати марказининг лабораториясига юборилган.

Хабарда айтилишича, шифохонада беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда, дори-дармон заҳиралари етарли.

Беморларнинг умумий аҳволи ўртача оғирликдалиги айтилмоқда.

2 нафар беморга қониқарли аҳволда уйларига жавоб берилди. Мурожаат қилган 7 нафар беморларга амбулатория шароитида тиббий ёрдам кўрсатилиб, аҳволлари қониқарли бўлгани учун уйларига кетишга рухсат берилди.

Хабарда 28 март куни бўлган тўйдаги заҳарланиш ҳолати нима сабабдан 2 кундан сўнг маълум бўлгани борасида ҳеч нарса айтилмаган.

Ўзбекистонда овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатлари минтақадаги бошқа мамлакатларга нисбатан анча кам учрайди.

Лекин шу пайтгача мамлакат ёпиқ бўлган ва бу каби ҳолатлар рўй берган тақдирда ҳам ҳеч ким хабардор бўлмай қолгани эҳтимолини назардан соқит қилиш қийин.